Ўзбекистон | 17:24 / 05.10.2019
219201
12 дақиқада ўқилади

Тўйларни тартибга солиш тўғрисидаги низом эълон қилинди (батафсил)

Фото: doca-tours.com

Олий Мажлис Сенати сайтида Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом эълон қилинди.

Қайд этилишича, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.

Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади.

Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.

Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

тўй ўтказувчи шахслар тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;

никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;

шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;

маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотнинг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда лицензияланадиган фаолият туридан фойдаланилган тақдирда, лицензияли хизмат кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахслар тўйхона, кафе, ресторан маъмуриятига ва ушбу хизматдан фойдаланувчиларга бу каби хизматларни кўрсатишга рухсат берувчи лицензиянинг нусхасини тақдим этади.

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш”, “пул сочиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар иштирокчилари сонига, уларни ўтказиш вақтига қатъий риоя этиш;

атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини ҳамда маиший шовқинга қарши кураш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузмаслик;

озиқ-овқат маҳсулотлари сифат сертификати талаблари даражасида бўлиши ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш лозим.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 ва ундан ортиқ шахс иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ва хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилаётганда хавфсизлик чораларини таъминлаши шарт.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар (бундан буён матнда ҳудудий комиссиялар деб юритилади), Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўз ваколатлари доирасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назорати ташкил этилишини таъминлайди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этади, шунингдек, бу борада мониторингни амалга оширади;

кенг жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боради ҳамда ўрнатилган тартибга риоя этмаган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилган ҳолда жамоатчилик ўртасида муҳокама қилади.

Маҳалла фуқаролар йиғини, “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимлари:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ миллий қадриятларга, ахлоқ қоидаларига зид бўлган маросимлар, номақбул одатлар ва уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориши ва тегишли тавсиялар бериши;

тўй эгалари томонидан содир этиладиган миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик каби хатти-ҳаракатлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши, тегишли талабларга риоя этилмаган ҳолатларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиши;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадрият ва анъаналарни ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий табақаланишга йўл қўймасдан ўтказиш бўйича жамоавий суҳбатлар ташкил этиши;

ҳудудда ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир оилавий тадбирдан хабардор бўлиши, унинг ўтказиладиган жойи, иштирокчилар сони бўйича маълумотга эга бўлиши;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлардан олдин ва кейин ўтказиладиган ортиқча расм-русум ва маросимларнинг олдини олиш чораларини кўриши лозим.

Республика Маънавият ва маърифат маркази:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда миллий қадриятларимизга ёт бўлган “оммавий маданият” унсурлари намоён бўлишининг олдини олиш мақсадида мунтазам маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб бориши;

оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали намунали тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириши, ижтимоий роликлар яратиши, услубий қўлланмалар ва тарғибот материаллари тайёрлаши;

маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ФҲДЁ идораларида никоҳдан ўтаётган келин-куёвларга оила маънавияти, ахлоқи ва аждодларимизнинг мустаҳкам оила ҳақидаги ўгитлари баён қилинган маълумотлар, китоблар ва бошқа материаллар бериб бориш амалиётини йўлга қўйиши лозим.

Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни режалаштирган оила вакиллари билан, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида суҳбатлар ташкил этиши;

хотин-қизларга тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни камхарж қилиб ўтказишни, уларда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтириши;

“Ота-оналар университети” машғулотларида сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, оила бюджетини нотўғри режалаштириш ва бошқа носоғлом орзу-ҳавасларнинг салбий оқибатларини тушунтириши лозим.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи:

турмуш қуриш арафасида турган ёшлар билан ижтимоий-психологик суҳбатлар уюштириши, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаши, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориши;

ёшлар ўртасида урф бўлаётган “оммавий маданият”, “севги тарихи”, қимматбаҳо машиналар кортежи ва бошқаларнинг салбий оқибатларини кўрсатиб берадиган ижтимоий роликлар ва фильмлар, бадиий асарлар тайёрлаш ҳамда тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириши лозим.

ФҲДЁ органлари:

никоҳдан ўтиш мақсадида ариза берган шахслар ҳамда уларнинг ота-оналари билан яшаш жойларида, маҳаллада суҳбатлар уюштириши, уларга никоҳдан ўтиш тартиб-таомиллари, тўй маросимларини камхарж ва ихчам ўтказиш бўйича тушунтириш бериши;

маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда дин уламолари, тиббиёт ходимлари, психологлар иштирокида “Ёш келин-куёвлар клуби”, “Оила мактаби”, “Қудалар суҳбати” каби курслар ташкил қилиши;

никоҳдан ўтиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказгандан сўнг уч иш кунида никоҳланувчи шахслар яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинини бу ҳақда хабардор қилиши лозим.

Ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдиришга, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг шуҳратпарастлик ва дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиши, шунингдек бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши лозим.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан доимий депутатлик назоратини амалга оширади.

Депутатлик назорати натижалари бўйича маҳаллий урф-одатлар, миллий анъаналардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ушбу Низом доирасида тегишли ҳудуддаги тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа қўшимча талаблар ҳамда тавсиялар белгиланиши мумкин.

Мавзуга оид