Ўзбекистон | 09:25 / 12.10.2019
25422
10 дақиқада ўқилади

Президент шоличиликка оид янги қарор имзолаши кутиляпти

Фото: Dreamstime

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Шоличиликни барқарор ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашининг шоли етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишга ихтисослаштирилган “Ўзбекшоличилиги” уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

шоличиликни ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

юқори сифатли шоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда аҳолини бундай маҳсулотлар билан таъминлашни ташкил этиш;

шоли уруғчилигини ривожлантириш, инновацион технологиялар асосида юқори ҳосилли маҳаллий шоли навларини яратишда Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик қилиш;

шоличилик соҳасида фаолият юритаётган хорижий ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ходимларнинг мазкур ташкилотларда доимий равишда малакасини ошириб боришни ташкил этиш ҳамда халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш;

ҳудудлар кесимида шоли етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

шоли етиштириш, қабул қилиш, сифатини аниқлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва ҳисобини юритиш ҳамда ушбу механизмларни такомиллаштириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

замонавий қайта ишлаш қувватларини ишга тушириш, ёпиқ сиғимлар қуриш ва ушбу мақсадлар учун хорижий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш;

шоли ва гуруч маҳсулотларининг ички ҳамда ташқи бозорларидаги нархлари мониторингини юритиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари Уюшма, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар сув баланси прогнозидан келиб чиққан ҳолда шоли экинларини жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Уюшма қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда шоличиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

биржа савдолари орқали сотувга қўйиладиган ва ҳақиқатда сотиладиган гуруч нархлари ўртасидаги ижобий фарқ суммасининг 30 фоизи;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

халқаро грантлар ва техник кўмак маблағлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма манбалари Уюшманинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шоличилик соҳасида селекция ишларини яхшилаш, ходимларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа тадбирлар учун йўналтирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2020 йил ҳосили учун шоличилик кластерларини ташкил этиш бўйича таклифларни 2020 йил 1 январига қадар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Шоличилик кластерларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:

ишлаб чиқаришнинг (хизмат кўрсатиш) инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда шоли етиштириш ёки шартнома асосида сотиб олиш, қабул қилиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш таъминланади;

шоличилик кластери иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарурий инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган, биринчи навбатда, салоҳиятли маҳаллий инвесторлар томонидан ташкил этилади;

шоличилик кластерига ер майдони ижара ҳуқуқи асосида юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан, захирадаги ерлардан, қайта тикланадиган ҳамда фойдаланишга киритиладиган ер майдонларидан ўрнатилган тартибда эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ажратилади;

ҳосил йили учун шоличилик кластерини ташкил этиш бўйича таклифлар ҳар йилнинг 1 январига қадар шакллантирилади;

шоличилик кластерини ташкил этиш учун алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши талаб этилмайди;

шоличилик кластерига қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мақсадида ажратилган ер майдонларидан бир йил мобайнида фойдаланмаслик, тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига, атроф муҳитнинг бузилишига, республика ҳудудида карантин объектларининг пайдо бўлишига ва тарқалишига олиб келувчи усуллардан фойдаланиш ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор бўлишига сабаб бўлади.

Белгиланишича:

шоличилик кластерига ер майдони ажратиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида ёзма равишда тузиладиган битим асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда амалга оширилади;

хорижий инвесторлар иштирок этаётган шоличилик кластерларига ер майдони Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.

Бунда, шоличилик кластерини ташкил этувчи ташаббускор томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокимликларига ёки Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

шоличилик кластерини ташкил этиш бўйича ариза;

юридик шахс рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома;

шоличилик кластери фаолиятини ташкил этишда фермер хўжаликларида шоли етиштиришни молиялаштириш, шолини қуритиш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан бизнес режа ёки техник-иқтисодий асоснома;

ташаббускорнинг банкдаги ҳисобварағида бизнес режани амалга ошириш учун етарли ва мажбуриятлардан озод бўлган пул маблағларининг мавжудлиги ҳақида хизмат кўрсатувчи банк томонидан тақдим этилган маълумотномадан кўчирма;

шоличилик кластерларининг фаолият юритиши учун зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотнома.

Шундай тартиб ўрнатиладики, 2020 йил шоли ҳосилидан бошлаб:

туман ҳокимлиги қарорига асосан фермер хўжаликлари кесимида белгиланган шоли етиштириш ҳажмидан келиб чиқиб, шоличилик кластерлари билан шоли етиштирувчи хўжаликлар ўртасида фьючерс шартномалари тузилади;

шоличилик кластерларига шоли ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун маҳсулот қийматининг 60 фоизи миқдорида хизмат кўрсатувчи тижорат банки томонидан марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоизларда кредит маблағлари ажратилади;

шоличилик кластери ажратилган кредит маблағларини ўзаро тузилган фьючерс шартномасига асосан шоли етиштирувчи хўжаликларга бўнак тариқасида тўлаб беради ва ушбу маблағлар уруғлик, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, механизация хизматлари учун тўловларни амалга оширишга йўналтирилади;

шоличилик кластери бўнак маблағлар ёки моддий ресурслар ажратмаган тақдирда, етиштирилган шоли тўлиғича фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилади;

шоличилик кластери шоли етиштирувчи хўжаликларга маҳсулот қийматининг 60 фоизидан кам миқдорда бўнак ажратган тақдирда, фермер хўжаликлари ажратилган бўнак миқдорига тенг қийматда шоли етказиб беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси шоли майдонларида агротехник тадбирларининг ўз вақтида ўтказилиши ва бўнак маблағларининг мақсадли фойдаланиши устидан доимий назорат олиб боради;

шоличилик кластери томонидан харид қилинадиган шолининг нархи сарфланадиган ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, фермер хўжаликлари билан тузиладиган шартнома асосида бозор баҳосида белгиланади;

шоличилик кластери шоли етиштирувчи фермер хўжаликларидан харид қилинган шоли учун якуний ҳисоб-китобларни ҳосил йилининг 31 декабрига қадар тўлиқ амалга оширади;

лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилиш, минерал ўғитлар, уруғлик, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа ресурслар етказиб бериш бўйича фермер хўжаликлари учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган шартлар ҳамда тартиблар шоличилик кластерларига ҳам татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан биргаликда бир ой муддатда шоличилик ва ғаллачилик соҳасида илмий-тадқиқот ишларини янада кенгайтириш, ҳудуднинг табиий-иқлим шароитларига мос, янги серҳосил шоли, бошоқли ва дуккакли дон экинлари навларини яратиш ишларини жадаллаштириш мақсадида Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси негизида Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси ташкил этилади.

Қуйидагилар Станциянинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос, эрта ва ўртапишар, юқори ҳосилли, касалликларга чидамли шоли, бошоқли ва дуккакли дон экинлари навлари ва дурагайларини яратиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш;

янги ва истиқболли шоли, дон ва дуккакли дон экинлари навларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш;

замонавий ресурстежамкор етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

касаллик ва зараркунандаларга қарши атроф-муҳит экологик мувозанатига таъсир этмайдиган кураш усулларини ишлаб чиқиш;

соҳанинг етакчи хорижий илмий муассасалари билан қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

шоли, дон ва дуккакли дон экинларини етиштиришни ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;

юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириш ва такомиллаштириш.

Станциянинг молиялаштириш манбалари этиб:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси балансида бўлган Нукус туманидаги 232 гектар суғориладиган ер майдонлари, маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари ҳамда қишлоқ хўжалик техникаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Станцияга илмий-тадқиқот ишлари учун ажратилишини таъминлайди.

Мавзуга оид