Жаҳон | 18:52 / 16.10.2019
13645
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Ғарб давлатларини иккиюзламачиликда айблади

Фото: ТАСС

Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған Туркиянинг Суриядаги операциясини танқид қилган Ғарб давлатларини иккиюзламачиликда айблади.

"Иттифоқчиларимиз юзимизга бошқа нарсани, ортимиздан эса бошқа нарсани гапиришади... Курдистон ишчилар партияси (КИП) – бу лойиҳа. Иттифоқчиларимиз биз билан эмас, YPG (суриялик курдлар мудофаа кучлари) билан ҳамкорликни маъқул кўришди. Бизни бу операция учун танқид қилишмоқда ва ҳаттоки уни тўхтатишни талаб қилишяпти. Аммо (YPG) отган 900та снаряд бизнинг шаҳарларимизга тушди, 20 нафар фуқаромиз ҳалок бўлди, 70 киши жароҳатланди. Аммо бизга (Ғарб давлатларидан) ҳеч ким қўнғироқ қилмади. Уларга ишониб бўлмайди", - деди Эрдўған.

"ИШИД ҳудудимизда тартибсизлик ҳосил қилиш учун худди ипга осилган қўғирчоқдек бошқарилмоқда. ИШИДни бошқараётган давлатлар бугун гўёки ўзларини унга қаршидек тутмоқда. Муаммо ИШИДда эмас, ҳаттоки КИПда ҳам эмас, балки бизнинг ҳудудимизга қарши лойиҳа-режа мавжуд", - деб қўшиб қўйди Туркия етакчиси.

У АҚШни яна бир бор суриялик курдларга қурол етказиб беришда айблади.

"АҚШ уларга Ироқ орқали 30 мингта юк машинасида қурол етказиб берди. Европа ҳам уларни қўллаб-қувватламоқда. Террорчилар 90 километрга яқин туннел қуришган. Улар цементни қаердан олишяпти? Уни Франция компанияси беряпти. Буни қандай изоҳлайсиз? Улар буни яшира олишмайди, ҳаммаси кўриниб турибди. Аммо улар бунинг бадалини тўлашига тўғри келади", - деди Эрдўған.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид