Ўзбекистон | 20:30 / 21.10.2019
48706
2 дақиқада ўқилади

ДХХ Қозоғистон билан чегарада автомашиналар тўпланиб қолганига изоҳ берди

Қозоғистоннинг «Тажен» чегара божхона постидан Қорақалпоғистон Республикаси «Довуд ота» чегара божхона постига киришдаги йўлда тирбандликлар юзага келган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати Қозоғистон билан чегаранинг шу қисмида транспорт воситалари тўпланиб қолгани ҳолати юзасидан изоҳ берди.

«Қозоғистоннинг «Тажен» чегара божхона постида («Довуд ота» чегара божхона пости қаршисида) уч кун мобайнида юзага келган техник камчиликлар туфайли, ҳайдовчилардан Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда бошқа йўналишни танлашни сўраймиз.

Умид қиламизки, қозоғистонлик ҳамкасбларимиз яқин вақтлар ичида ушбу техник носозликни бартараф этишади», дейилади ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати томонидан Kun.uz’га берилган хабарда.

Октябрь ойи бошида ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг «Тажен» чегара божхона постидан Қорақалпоғистон Республикаси «Довуд ота» чегара божхона постига киришда ўнлаб «фура»лар тирбандлик сабабли навбатда туриб қолаётгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Давлат божхона қўмитаси ушбу хабарларга муносабат билдириб, бу тирбандликларга божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари оқими кескин ошгани билан изоҳлаганди.

Бундан аввалроқ Давлат божхона қўмитаси Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан чегарада жойлашган «Б.Конисбаев» чегара ўтказиш пунктида қайта қуриш ва кенгайтириш ишлари олиб борилиши муносабати билан «Яллама» пости орқали жисмоний шахслар ва айрим турдаги транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланиши ҳақида маълум қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид