Жамият | 14:19 / 21.10.2019
47746
4 дақиқада ўқилади

«Газ йўқлигини айтиб ўтирмаймиз». Пахтакорлар билан бир кун

Теримчилардан бири: «Муаммони ҳал қилиб бергани келдингларми? Газ йўқлигини барибир айтиб ўтирмаймиз, ҳал бўлмаса керак...»

Қишлоқларда интернет яхши ишламайди. Биз лавҳа тайёрлаш учун борган Оқолтин тумани пахтазорларида ҳам интернет йўқ. Шундай бўлгандан кейин, у ерда пахта тераётган қаҳрамонларимизга ўзимизни таништириб ўтиришнинг фойдаси ҳам йўқ. «Қайси каналдан келдинглар», деганларга «Интернет нашриданмиз», деб жавоб берсак, «Телевизорга чиқармасанглар, гапирмаймиз», дейишади.

Интернетдан, ҳар куни ҳар йўсинда кечадиган виртуал ҳаётдан хабарлари йўқ уларнинг. Билганлари, бугун юз кило териб, 3 литр пахта ёғи олиш. 75дан ошса, 2 литр, 50 килога 1 литр.

Ёши элликдан ошган холанинг айтишича, терим бошлангандан бери 70 литр ёғ йиғибди. «Шунчасини нима қиласиз, сотса ҳам бўладими?» десак, «Йўқ, кўп болали жонмиз. Қишга ғамлаяпмиз», дейди.

Теримчилардан яна бири: «Муаммони ҳал қилиб бергани келдингларми?» деб тўсатдан сўраб қолди. Биз ҳам «Ҳа» десак, «Газ йўқлигини барибир айтиб ўтирмаймиз, ҳал бўлмаса керак», дейди ишончсизлик билан.

Бошқа бир эгатда ёши элликдан ошган эр-хотиннинг стулчада ўтириииб пахта теришини кўрсангиз...  «Бел бўлмайди-да...» дейишади ерга қараб.

Микрофон тутгани, савол бергани уяласиз. Нимани сўраймиз? Пахта даромадини нимага ишлатасиз деймизми? 5 фарзандли оналарнинг саволимизга берадиган жавоби аниқ-ку. Ёки «Терим тугагач, пахта пулидан қаерга дам олишга борасиз?» деб сўрасак, ўринлими?

Ахир дам олишни хоҳлаган одам уйида бир пиёла чой ичиб ўтирмасмиди дам олиб.

Сал наридаги далада аскарлар пахта теряпти экан. Уларга узоқдан термулиб турган болакайларни гапга солдик. «Солдат бўламиз», дейишади илжайиб.

Солдатлар ҳам пахта теряпти...

Яна бир ажойиб қизни кўрдик. Ўғилой. Ўзиям ўғил болалардай кучли, бутун далага кайфият бериб турадиган «ёввойи» экан. Ҳар қанча уринсак ҳам микрофон тутолмадик. Оғир-оғир этакларни бир қўлда кўтариб чиқа туриб ҳам ҳазил қилади. Ҳамма ерда, ҳар қанақа шароитда ҳам одам ўзи учун хурсандчилик манбайини, энергияни топа олади, менимча.

Бу ерда аёл кишисиз, деб авайлаб ўтиришганини кўрмадик. Этак кўтарган, эгилиб пахта терган, тарозида ўлчайдиганлар сафида ҳам аёллар.

Кун бўйи бизга адашиб келиб қолгандай қараган, бегонасираган мана шу одамлар кечки пайт биз билан йиғлаб хайрлашди. «Кенг-кенг уйларимиз бор, меҳмон бўлиб кетасиз», дейишади қўярда-қўймай.

Қишлоқда бир кун, бор-йўғи бир кун меҳр қўйиш учун етарли. Бу ерда ҳужжатингизни, пропискангизни ҳам суриштириб ўтиришмайди, ҳатто қайси ташкилотдан келганингизни ҳам билмай, бемалол меҳр бериб кетаверишади.

Кетаётганимизда битта амаки кичкина Nokia телефонини чўнтагидан чиқариб, «Мени телефонимда қандай кўрсак бўлади ўзимизни», дейди жилмайиб...

Кечиринг, амаки, сизнинг телефонингизда, сиз пахта тераётган далада кун бўйи вақтингизни олиб тайёрлаганимиз видеоларни кўришнинг иложи йўқ.

Зилола Ғайбуллаева.
Kun.uz кундалиги учун.

Пахта теримидан батафсил видеокўрсатувни тез кунда Kun.uz'да кутинг.

Мавзуга оид