Жаҳон | 23:56 / 21.10.2019
29035
1 дақиқада ўқилади

Красноярскдаги дамба ёрилиши вақтида Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолди 

Фото: Россия ФВВ

Россиянинг Красноярск ўлкасида олтин конидаги дамбанинг ёрилиши вақтида Ўзбекистон фуқароси, 1987 йилда туғилган Дишпод Абдужапарович Азимов бедарак йўқолди. 

19 октябрда ўлкадаги Сейба дарёсида “Сибзолото” компанияси таркибига кирувчи “Сисим” олтин қазиб олувчи артелининг технологик сув ҳавзасидаги дамба ёрилганди. 4-5 метрлик тўлқин пастроқдаги тиндиргичларни бузиб юборган. Лой ва тошдан иборат сел оқими ишчилар яшаган иккита ётоқхона ва хўжалик иншоотларини ювиб кетган.

Ўзбекистонлик артелда LW-500 юкортгичи ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Шунингдек, яна 4 кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. 

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ушбу масалани назоратга олгани ва Россиянинг мутасадди идоралари билан иш олиб бораётганини маълум қилган.

Красноярскдаги фожиа 15 кишининг ҳаётини олиб кетди, артелнинг 44 ходими жароҳат олган, улардан 9 нафари шифохонада қолмоқда.

Мавзуга оид