Жаҳон | 07:35 / 23.10.2019
8374
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сурияда курдлар билан ишлашни давом эттиради

Фото: AP Photo/Maya Alleruzzo

АҚШ қуролли кучлари “Сурия демократик кучлари” (СДК) коалицияси билан ишлашни давом эттирмоқчи. Бу ҳақда АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Жеймс Жеффри маълум қилди. 

“Сурия шимолида СДК билан ишлашни давом эттирмоқчимиз. Бизнинг режа шундан иборат. СДК етакчиси - қўмондон Мазлум биз билан ишлашни давом эттириш мажбуриятини ўз зиммасига олди”, деб айтган Жеффри АҚШ конгресси сенатининг ташқи ишлар қўмитасидаги йиғилишда. АҚШ давлат департаменти вакили СДК таркибига кирувчи курд тузилмалари қўмондони Мазлум Кобанини назарда тутган.

Жеффрининг кириш нутқи матнида АҚШ маъмурияти Туркиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётини қатъиян қоралаши тасдиқланган. “Туркия бу амалиётни эътирозларимизга қарамай, ИШИДга қарши кампанияга футур етказиб, тинч аҳоли ва минтақадаги хавфсизликка таҳдид қилиб, фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилган ҳолда бошлади. Туркиянинг ҳарбий ҳаракатлари гуманитар инқирозга олиб келди ва ҳарбий жиноятлар содир этиш учун шароитлар яратди”, деб айтган Жеффри.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид