Ўзбекистон | 10:00 / 23.10.2019
102501
2 дақиқада ўқилади

Юнусобод тумани ҳокимининг ўринбосари пора билан қўлга олинди

Юнусобод тумани ҳокимлиги

Юнусобод тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Э.З. қўлга олинди. Бу ҳақда Kun.uz’га Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Юнусобод тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Э.З. фуқаро Р.М.дан ўзбошимчалик билан қурилган иморатга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича туман ҳокимининг қарорини чиқариб бериш эвазига 5.000 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 11 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Э.З.га нисбатан ЖК 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун: Э. З. шу йилнинг бошида Юнусобод туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

У узоқ йил "Ўзуйжойжамғармабанк" банки тизимида раҳбар лавозимларида ишлаган, "Makon Kapital Invest" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ва молия масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳам бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олишда гумонланиб қўлга олинганди.

Абдусаматов шу йилнинг май ойида Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топилиб, 5 йилга қамалган.

Мавзуга оид