Ўзбекистон | 13:45 / 29.10.2019
11227
3 дақиқада ўқилади

2000 гектар ер майдони Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудидан чиқарилади

Фото: hisor.uz

Ҳисор давлат қўриқхонасининг қўриқланма зонасини белгиланади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2018 йил 24 декабрдаги Ҳисор давлат қўриқхонаси қўриқланма зонасини белгилаш тўғрисидаги ва 2019 йил 12 сентябрдаги Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида жойлашган Ҳазрати Султон платоси, Сувтушар дарёсининг бир қисми (сувтушар шаршараси), динозавр излари ва Амир Темур ғори объектлари жойлашган 2000,0 гектар ер майдонларини қўриқхона ҳудудидан унинг қўриқланма зонасига ўтказиш тўғрисидаги қарорлари асосида:

Ҳисор давлат қўриқхонасининг унга туташ ҳудудларидаги умумий ер майдони 11231,3 гектар бўлган қўриқланма зонаси белгиланади;

умумий ер майдони 2000,0 гектар бўлган, Ҳазрати Султон платоси, Сувтушар дарёсининг бир қисми (сувтушар шаршараси), динозавр излари ва Амир Темур ғори объектлари қўриқхона ҳудудидан чиқарилиб, унинг қўриқланма зонасига ўтказилади.

Белгиланишича:

қўриқхонанинг қўриқланма зонасидаги ерлар ушбу зоналарда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади ва бу ҳудудда алоҳида режим ўрнатилади;

қўриқхона ҳудудидан унинг қўриқланма зонасига чиқарилган объектларнинг 2000,0 гектар ер майдони мазкур қўриқхонанинг доимий фойдаланишида (ер балансида) қолдирилади.

Қўриқхона қўриқланма зонасининг низоми тасдиқланади. Қўриқланма зонасини ва ундаги табиий объектлар муҳофазасини ҳамда ҳудудда қонун ва мазкур низом талабларининг бажарилиши устидан давлат назоратини олиб бориш қўриқхонанинг қўриқлов ходимлари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари зиммасига юклатилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда Ҳазрати Султон платоси, Сувтушар дарёсининг бир қисми (сувтушар шаршараси), динозавр излари ва Амир Темур ғори объектларида зиёрат ва экологик туризмини ташкил қилиш учун зарур бўладиган инфратузилмалар яратишга инвесторлар, шу жумладан давлат хусусий шерикчилик лойиҳалари асосида жалб қилиш чораларини кўради.

Белгиланишича, инвесторлар яратган инфратузилмадан фойдаланиш учун ундириладиган маблағнинг 50 фоизи қўриқхонанинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши кўзда тутилади, у қўриқхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда унинг ходимларини рағбатлантиришга ишлатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид