Ўзбекистон | 11:55 / 01.11.2019
12024
3 дақиқада ўқилади

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида янги дирекция ташкил этиляпти

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида янги дирекция ташкил этиляпти. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини (“ЯММТ” ИДАК) бошқариш дирекцияси ташкил этилади.

Дирекция зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилади:

иш берувчилар томонидан меҳнат шартномаларининг ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилишини мониторинг қилиш, меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказишда иш берувчилар ва ходимларга техник ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, тегишли маълумотларни киритиш ва олиш учун зарур аппарат воситаларини тақдим этиш;

“ЯММТ” ИДАКни қўллаш, электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш ва жорий қилиш, ходимнинг меҳнат стажи тўғри ҳисобланишини таъминлаш жараёнида юзага келадиган барча масалалар бўйича иш берувчиларга техник ва ахборот кўмагини тақдим қилиш, шунингдек, “ЯММТ” ИДАК фойдаланувчиси ҳисобланган фуқароларга ахборот кўмагини кўрсатиш;

“Электрон ҳукумат” тизимига кирувчи ахборот тизимлари билан “ЯММТ” ИДАК маълумотларини алмашиш масалалари бўйича идоралараро ҳамкорликни ташкиллаштириш;

“ЯММТ” ИДАКдан самарали ва ишончли фойдаланиш, иш берувчилар ва ходимлар шахсий маълумотларининг ахборот хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш;

жорий этилаётган меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш тартибини тушунтириб берувчи, “ЯММТ” ИДАКни ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболлари ҳақида материаллар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, телерадиоканалларда махсус телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкил қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

ҳар йили Бандликка кўмаклашиш жамғармасининг харажатлар сметасида “ЯММТ” ИДАКни таъминлаш, ривожлантириш, такомиллаштириш, самарали ишлаб туриши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун маблағларни назарда тутади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда “ЯММТ” ИДАКнинг ишлаб чиқилаётган Давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлил тизими билан интеграциялаштиришни назарда тутади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда “ЯММТ” ИДАКни солиқ хизмати органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялаштириш орқали ходимларнинг меҳнат фаолияти тўғрисида “ЯММТ” ИДАКда акс этувчи маълумотларнинг ҳисобланган иш ҳақини шахсий ҳисобга олиш марказлаштирилган электрон реестри маълумотлари билан тўғри келишини талабнома асосида текширишни (верификациялашни) доимий асосда таъминлайди.

Мавзуга оид