Ўзбекистон | 15:20 / 01.11.2019
12092
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президенти Қозоғистон бош вазирини қабул қилди

Бугун, 1 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрган Қозоғистон Республикаси бош вазири Асқар Маминни қабул қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, президент меҳмонни самимий қутлаб, қардош мамлакатлар раҳбарларининг мунтазамлик касб этган ва ишончга асосланган учрашувлари ҳамда уларнинг натижасида эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилганини мамнуният билан қайд этди.

Асқар Мамин Ўзбекистон Республикаси президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистоннинг биринчи президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев ва президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилгани, ўзаро савдо ҳажми ортиб, инвестиция, банк-молия, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда ўтаётган Қозоғистон йили доирасида ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, икки томонлама ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатга оид долзарб масалалар кўриб чиқилган.

Бундан олдин, 2 ноябрь куни Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Тошкентда бўлиб ўтадиган мажлисида иштирок этиши хабар берилганди.

Мавзуга оид