Ўзбекистон | 11:49 / 01.11.2019
10389
3 дақиқада ўқилади

Президент қарори: Банк-молия академияси Ўзмиллийбанк тасарруфига ўтказилди

Фото: Банк-молия академияси

Банк-молия академияси Ўзмиллийбанк тасарруфига ўтди. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган “Банк-молия соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Марказий банк, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси банкларининг:

Банк-молия академиясини Ўзмиллийбанк тасарруфига ўтказиб, уни Академиянинг таъсисчиси этиб белгилаш;

2018 ва 2019 йилларда Академия магистратурасига қабул қилинган шахслар учун магистратура мутахассисликлари бўйича амалдаги таълим дастурларини, шунингдек, Академиянинг сарф-харажатларини магистратурада давлат гранти асосида таълим олаётган шахсларнинг ўқиши тугагунга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаб қолиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Ўзмиллийбанк:

а) 2020 йилнинг 1 февралига қадар етакчи хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2025 йилларда Академияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқади:

Академиянинг халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингидаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритилишини таъминлаган ҳолда унинг халқаро рейтингини босқичма-босқич ошириб бориш;

етакчи хорижий бизнес-мактаблар ва корпоратив университетларнинг айнан бир хил дастурлари асосида банк-молия соҳаси мутахассисларини ўқитиш дастурларини ишлаб чиқиш;

инвестиция фаолияти (Chartered Financial Analyst), хатарларни бошқариш (Financial Risk Manager), Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича молия ҳисоби (Association of Chartered Certified Accountants ва Chartered Public Accountant), ички аудит (Certified Internal Auditor), бошқарув ҳисоби (Certified Management Accountant) соҳаларида молия ходимларини халқаро профессионал сертификация имтиҳонларига тайёрлаш;

республика ҳудудларидаги тижорат банкларининг филиаллари учун қисқа муддатли курслар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, стажировкалар, сайёр ўқув модуллари ва бошқа тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказиш;

инновацион таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илмий-педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш доирасида хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш;

ўқув жараёнига етакчи таълим муассасалари ва банк-молия секторидан юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш амалиётини жорий қилиш;

б) 2020-2025 йилларда Академияни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини 2020 йилнинг 1 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид