Жамият | 01:06 / 02.11.2019
66355
7 дақиқада ўқилади

Шифокор хор бўлдими?! Тез ёрдам ходимларига яна бир тажовуз

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, тез тиббий ёрдам бригадаси бу чақириққа 3 дақиқа ичида етиб борган. Кўрсатилган ёрдам ҳам, тинчлантиришга уриниш ҳам шифокорларни тажовуздан сақлаб қола олмаган.

Ижтимоий тармоқлардаги “Сиздан телеграм” саҳифасида Навоий вилоятида содир бўлган воқеа ҳақида лавҳа ёритилди. Видео илова қилинган бу хабар "Уч маст эркак “тез ёрдам” ходимларини уйига чақириб, уларни роса таҳқирлади. ИИБ шифокорларга қўл кўтарган шахсларга чора кўрмаяпти” деб номланган.

“Тиббиёт бирлашмасидан ёзмоқдамиз. 31 октябрь куни “тез ёрдам” бўлимига тушган чақириққа асосан шифокор Нажмиддин Болиқулов ва фельдшер Улуғбек Ражабов Наврўз кўчаси 10-уй 4-хонадонга борган.

Ҳамкасбларимизни маст ҳолдаги уч эркак кутиб олган. Уларни шифокорни ҳақоратлаган ва унга қўл кўтариб тажовуз қилган. Бу фуқаролар тиббий ёрдамга муҳтож бўлмагани ҳолда, шифокорларни атайин мазахлаш учун чақирган, деган тахминдамиз.

Ушбу ҳолат юзасидан ички ишлар идорасига хабар берилган. Учаласи ҳам маст ҳолда бўлгани сабаб ҳушёрхонага жойлаштирилган. Аммо ИИБ ходимлари бирор чора кўрмай, 4 соатдан сўнг уларни қўйиб юборган. Шифокорларни таҳқирлаган, ҳамкасбларимизга қўл кўтарганларга қонуний жазо берилишини талаб қиламиз! (Навоий вилояти Учқудуқ тумани)” – дея тугалланади фойдаланувчилар йўллаган хабар.

Воқеа бўйича изоҳ олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланганимизда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев ҳолат юзасидан Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси берган дастлабки маълумотларни тақдим қилди.

“Видеолавҳадаги шифокор Болиқулов Нажмиддин 2019 йил июнь ойида Самарқанд давлат тиббиёт институти педиатрия факультетини тугатиб келиб, Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасига ишга қабул қилинган. Ўзи билимдон, ёш мутахассис. Фельдшер Ражабов Улуғбек 6 йилдан буён Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимида ишлаб келмоқда. Тажрибали, билимдон мутахассис, ҳар қандай шошилинч ҳолатларда малакали биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қобилиятига эга.

31 октябрь куни тез ёрдам бўлимига соат 17:40 да Учқудуқ тумани Наврўз кўчаси 10 уй 4 хонадондан 1968 йилда туғилган фуқаро Қ. Й. учун шу фуқаро уйида бўлган номаълум шахс чақириқ қилган. Тез ёрдам бригадасига 17:42 да чақириққа бориш топшириғи берилган. “Hunday” тез ёрдам автомашинасини 10 йиллик тажрибага эга ҳайдовчи Валиков Икром бошқарган.  17:45 да тез ёрдам бригадаси чақирилган манзилга етиб борган. Тез ёрдам бригадаси хонадонга киргандан сўнг шу хонадонда бўлган маст ҳолатдаги фуқаролар томонидан ҳақоратлар қилиниб, жанжал бошланиб кетган. Хонадонда аслида бемор бўлмаган, на хонадон эгалари, на маст ҳолатдаги шахслар томонидан касаллик ҳақида мурожатлар қилинмаган. Воқеа жойига ички ишлар ходимлар етиб келган ва маст шахслар туман тиббиёт бирлашмасига қарашли реабилитация марказига (маст ҳолатдаги фуқароларни сақлаш жойи) олиб кетилган. У ерда 2-3 соат ушлаб турилиб, чиқариб юборилган. Юқоридаги ҳолат юзасидан 20:00 да ички ишлар, давлат хавфсизлик хизматига хабар берилган. Ҳуқуқбузарларга туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Тез ёрдам шифокори Болиқулов Н.га туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида оғриқ қолдирувчи муолажалар қилинган ва у ҳозирда хизмат вазифасини давом эттирмоқда. Тиббий экспертиза хулосаси берилган” – дея якунланган вилоят бошқармаси дастлабки суриштируви хулосаси.

Таъкидлаш керак, шифокорларга, айниқса тез тиббий ёрдам ходимларига тажовуз кўрсатиш ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар бот-бот тарқалмоқда. Яна бир жиҳати фақат видеолавҳаларга тушиб қолган, ОАВда эълон қилинган ҳолатларгина кенг муҳокама қилинади, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Аслида реал ҳолат янада мураккаб.

Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев билан мавзу бўйича суҳбатлашганимизда қуйидаги маълумотларга эга бўлдик:

– 2017-2019 йилларда фақатгина шошилинч ва “тез ёрдам” тизими шифокорларига беморларнинг яқинлари ва қариндошлари томонидан 262 марта  зўравонлик қилиш, уларга тан жароҳати етказиш каби ноқонуний ҳаракатлар содир этилган. Навоий вилоятидаги ҳолат ҳисоб бўйича 263-сидир.  Айрим ҳолларда тажовуз билан чекланиб қолмай, шифокор ҳаётига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учраган. Мисол тариқасида Андижонда беморнинг ўғли шифокорни ёқиб юбормоқчи бўлгани ёки Сирдарёда шифокорлар пичоқланганини келтириш мумкин. Таъкидлаш жоиз бундай ҳолатларнинг ҳар бири алоҳида ўрганилади, тегишли идораларга чора кўриш учун мурожаат қилинади.

Сирдарёда шифокорлар пичоқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодиса юзасидан маълумот берди

Тиббиёт ходимларига яна тажовуз. Андижонда беморнинг ўғли шифокорни ёқиб юбормоқчи бўлди

Бундай муаммолар тиббий хизмат сифатига, шифокорлар ишчанлигига салбий таъсир ўтказмай қолмайди албатта. Шу боис, кейинги пайтларда аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланиш борасида ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бир қаторда бу борадаги бурч ва масъулиятини оширишга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Жумладан,  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Ушбу қонун лойҳасининг қабул қилиниши натижасида тиббиёт ходимларига нисбатан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш  ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш мумкин бўлади.

Фикримизча, айнан жазонинг енгиллиги ёки муқаррарлиги етарли даражада таъминланмаслиги бундай ҳолатларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Айнан Навоийдаги ҳолатда ҳам видеолавҳада тажовуз ҳолати яққол кўриниб турганига қарамай ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар томонидан тезкор чора тадбирлар кўрилмаётгани ажабланарли. Афсуски бундай ҳолатлар жуда кўп. Шу ўринда савол туғилади – ички ишлар ходимларига ёки МИБ ходимларига нисбатан шундай тажовуз бўлса, бу қадар эътиборсизлик қилинармиди?! Ахир шифокор ҳам давлат белгилаган, халқ кутаётган вазифасини тунлари ухламай бажараяпти-ку – дея сўзларини якунлади Ф.Санаев.

Маълумот учун, куни кеча, 1 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тез ёрдам»га келиб тушаётган асоссиз чақириқлар ортиқча вақт ва маблағ кетишига олиб келиш билан бирга, шифокор ва тиббий ёрдам машинасининг банд бўлиб қолишига ҳам сабаб бўлаётганини эслатиб ўтганди.

Аброр Зоҳидов.

Мавзуга оид