Спорт | 14:00 / 06.11.2019
37364
10 дақиқада ўқилади

Келажак юлдузи. У қаердан пайдо бўлди ўзи?

Норвегиялик вундеркинд Эрлинг Ҳоланд кеча «Наполи» билан жавоб учрашувида ҳам гол урди ва Чемпионлар Лигасидаги голлари сонини 7тага етказди. Бу осон гап эмас, масалан, таркибида ЕЧЛ қироли Криштиану Роналду бўлган «Ювентус» бутун жамоа бўлиб шунча гол урган. Месси бошчилигидаги «Барселона» эса, 4 ўйинда 4 гол урди, холос. «Боруссия», «Интер», «Валенсия», «Наполи», «Атлетико» ва «Реал» клублари ҳам ҳатто, ҳали 7 гол уришнинг уддасидан чиқишгани йўқ.

19 ёшли ҳужумчи ҳақида дастлаб, шу йилнинг май ойида гапиришни бошлашганди. У ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бир ўйинда 9 гол урди ва барчанинг эътиборига тушди. Рақиб Ҳондурас терма жамоаси бўлгани билан, бир ўйинда 9 гол уриш учун алоҳида истеъдод лозимлиги шубҳасиз.

Ҳоланд Чемпионлар лигасини ҳам жуда кучли бошлади ва илк ўйинидаёқ «Генк» дарвозасига ҳет-трик қайд этди. «Наполи» дарвозасига дубль қайд этган ҳужумчи, ҳатто «Энфилд»да ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Хуллас, Эрлинг Ҳоланд Чемпионлар Лигасидаги дастлабки уч ўйинда 6 гол уришга эришган тарихдаги илк футболчи бўлди. Шунингдек, у кечаги голи билан, дастлабки уч ўйиннинг барчасида гол уришга муваффақ бўлган Карим Бенземани ортда қолдирди – 4 ўйин.

Ҳоландлар оиласи ва Рой Кин

Рақамлар ўз йўлига, ҳозирда ёш ҳужумчи билан Европанинг деярли барча топ-клублари қизиқишмоқда. Кимдир уни Месси ёки Роналду билан солиштираётган, кимдир унга футболдаги илк қадамларига ёрдам берган Сульшер туфайли «Манчестер Юнайтед»нинг имкониятларини баҳолаган, шунингдек, Ҳоланднинг отаси «Манчестер Сити» сафида тўп сурганини ҳам козир сифатида илгари сураётганлар бор. Айтганча, Эрлингнинг отаси Альфа-Инге Ҳоландни балки кўпчилик эсламас, аммо у ва Рой Кин ўртасида можароли тарих бўлиб ўтган.  

Алфа-Инге Ҳоланд ўз вақтида «Лидс» ва «Манчестер Сити» жамоалари сафида ўйнаган, Рой Кин билан боғлиқ воқеа туфайли фаолиятини 30 ёшда тугатишга мажбур бўлган.

1997/98 йилги мавсумда Ҳоланд Рой Кинга жароҳат етказади, лекин Кин симуляция қиляпти, деб гумон қилиб, унинг тепасида туриб ёмон гаплар билан ҳақорат қила бошлайди. Рой Кин деярли бир йил футбол ўйнай олмайди. Аммо орадан тўрт йил ўтиб, «душмани» билан яна майдонда тўқнаш келган Рой қасосини олади. Кин атайлаб рақибига жароҳат етказди.

«Мен буни тўрт йил кутгандим. Майдонга тушганимда ҳеч нарса билан ишим йўқ эди, кўзларим билан уни қидирдим. Ниҳоят биз тўқнаш келдик. У инграб ётганида тепасига бордим ва тўрт йил олдинги воқеани эслатдим. «Бундан кейин Рой Кин йиқилиб ётганида симуляция ҳақида оғиз очмайдиган бўлдинг» дедим», – дея эслайди ирландиялик ярим ҳимоячи ўз автобиографиясида.

Ҳоланд шу жароҳатдан қайта тикланмади, футболдаги орзуларини эса, ўғли орқали рўёбга чиқариш учун, Эрлингнинг машғулотларига зўр берди, унинг илк устозига айланди.

Эрлинг Ҳоланд аслида Англия терма жамоасига ҳам номзод бўлиши мумкин эди. Чунки у 2000 йилда Лидсда туғилган ва ёшлигидан айнан шу клуб фанати бўлган эди. Отаси билан содир бўлган юқоридаги воқеа оила Норвегияга кўчиб кетишига сабаб бўлди ва балки мана шу бурилиш кичик Ҳоланднинг футбол фаолиятига замин бўлгандир.

Брюнедан терма жамоагача

Эрлинг Брюнедаги академияда вояга етди ва 15 ёшидаёқ професионал футболда дебют қилди. Кўп вақт ўтмай, юқорироқ мақомда бўлган «Мольде» таркибидан жой олди. Ўша пайтларда «Мольде»ни Норвегия футболи афсонаси, бугунги кунда «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи бўлган Оле Гуннар Сульшер бошқарарди. 

Илк мавсум янги жамоага, катталар футболига кўникиш билан ўтган бўлса, иккинчи йили Ҳоланд жамоанинг асосий кучларидан бирига айланди. 2017 йилги мавсумда у 25 ўйинда 12 гол уришга муваффақ бўлди. Энг яхши ўйини сифатида эса 2018 йилнинг июль ойида «Бранн»га қарши кечган учрашувни айтиш мумкин. У ўша учрашувда покерга эришганди. Қизиғи, бу ўйингача «Бранн» 14 ўйинда ўз дарвозасидан атиги 5та гол олиб чиққанди, холос.

Шундан сўнг, Ҳоландга Европанинг топ-клублари «ов» бошлади, лекин норвегиялик ҳужумчи катта номлар ортидан қувишни истамади ва Австриянинг «Зальцбург» клуби сафига 10 миллион евро эвазига ўтди. Ҳозирдан уни «Зальцбург» тарихидаги энг зўр трансфер деб аташ ҳам мумкин.

Юқорида айтиб ўтганимиз, Ҳондурас дарвозасига 9 гол эса футболчини янада машҳур қилиб юборди. Тўғри, бу рекорд эмас, ЖЧ-2002 саралашларининг бирида Австралия Самоани 31:0 ҳисобида енгган ва ўшанда Арчи Томпсон 13 гол муаллифига айланган. Аммо ҳатто Месси ва Роналду бир ўйинда энг кўпи билан 5 гол билан мақтаниши мумкин бўлган пайтда, Ҳоланднинг натижаси албатта, эътирофга лойиқ ва бу натижа «Зальцбург»нинг асосий таркибидан жой олишда муҳим аҳамият касб этди.

Топ-футболчилар билан бир рўйхатда

Эрлинг ушбу мавсумда аллақачон 20 гол уришга эришди ва ўзи қатнашаётган 3 турнирнинг 2тасида – Чемпионлар Лигаси ва Австрия Бундеслигасида тўпурар бўлиб турибди. Мисол учун, Мессида бугунгача 3 гол бор, Роналду атиги 5 гол урди. Топ футболчилар ичида Роберт Левандовски 18 голи билан Ҳоланднинг натижасига яқин келиши мумкин, холос. Австрия чемпионати-ку, майли, аммо Чемпионлар Лигасида, «Бавария» ёки «ПСЖ» эмас, оддий «Зальцбург» таркибида шунча гол уриш, албатта, ҳужумчи учун ажойиб натижа. Сентябрь ойида қаҳрамонимиз Норвегия терма жамоаси сафида ҳам дебют қилиб улгурди. У Швеция ва Мальтага қарши кечган Евро-2020 саралаш ўйинларида 80 дақиқа ҳаракат қилди.

Эрлинг – бўйи баланд ҳужумчи. Унинг бўйи 191 см, лекин шу гавдаси билан ҳам, эгилувчан, танасини яхши бошқаради ва етарлича тезкор ҳаракатлана олади. У шунингдек, юқори қаватлардаги курашларда ҳам фойдали, тўпни дарвозага тескари ҳолатда ҳам қабул қилиб, самарали натижа чиқара олади.

«Мен учун Златан – энг зўри. У ҳам скандинавиялик, демак кимдир уни ҳам бир кун ортда қолдириши лозим», – дейди Эрлинг Ҳоланд. Демак, кумир борасида ҳаммаси жойида, ташвишланишга ҳожат ҳам йўқ. 

«Лейпциг» – кейинги манзилми?

Ҳозирдан матбуотда футболчи билан «Реал», «Барселона», «Ювентус» ва «Манчестер Юнайтед» қизиқаётгани ҳақида хабарлар чиқиб турибди.

Бу ерда «Зальцбург» «Ред Булл» занжирининг бир ҳалқаси эканини ҳам унутмаслик керак. Ральф Рангник исмли координатор бошқарадиган селекцион тизим мавжуд бўлиб, Ральф Бразилиядан ҳам ёш футболчиларни «Зальцбург» академиясига олиб келади. Улар Австрияда «Ред Булл»нинг бошқа жамоаси бўлган «Лиферинг» сафида ўйин амалиётига эга бўладилар. Кейин эса «Зальцбург»нинг асосий таркиби учун курашиб, ишончни оқлай олмаганлар «Лиферинг»га қайтса, энг яхшилари энди Бундеслиганинг «Ред Булл Лейпциг» клубига йўл оладилар. Сўнгги йилларда Хайдара, Вальф, Лаймер, аввалроқ эса, Гулачи, Упамекано, Забитцер ҳамда Наби Кейта каби футболчилар худди шу йўлни босиб ўтгандилар. Шу орқали, ёш футболчиларнинг босқичма-босқич ривожланиб боришлари таъминланса, «Лейпциг» Бундеслига ва Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш учун тайёрланаётгани ҳам сир эмас.

Ушбу тизимдаги кейинги катта лойиҳа сифатида айнан Эрлинг Ҳоланд исми тилга олинмоқда. Ҳозирда унинг Европанинг турли топ-клубларига ўтиши ҳақида фикрлар кўп бўлса-да, «Ред Булл» тизимида Ҳоланд учун кейинги бекат айнан «Лейпциг» эканига шубҳа йўқ. Ҳоландни балки Италия ёки Англияда кутишдан маъно йўқ бўлиши мумкин. Агар «Лейпциг»нинг асосий қуроли Тимо Вернер бошқа клубга ўтишга тайёрланаётгани ҳисобга олинса, келаси ёзда Ҳоланд Бундеслигага кўчиб ўтишининг эҳтимоли катта.

«Матбуот менга ҳаддан ташқари кўп эътибор қаратмоқда. Бу жиддий босим, менга майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам халақит қилади. Клуб мени бундай ҳужумлардан ҳимоя қилишга уринмоқда ва ўйлайманки, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Мен бундай гаплардан бутунлай халос бўлишни истайман. Миш-мишлар жонга тегди», – дея ёзғирганди яқинда Ҳоланд.

«Холанд булутларда сузгани йўқ. У юқорига босқичма-босқич чиқиб бориш кераклигини тушунади. У яхши футболчи ва яхши инсон ҳам», – деди «Наполи»га қарши ўйиндан сўнг австрияликлар устози Жесси Марш.  

Бугунги кунда Ҳоланд турли эътирофлардан боши айланиб қолмаслиги муҳим. Бу йигитда келажакда Европанинг янги юлдузи бўлиш учун барча имконият мавжуд.

Қ.Асланов тайёрлади

Мавзуга оид