Жаҳон | 10:34 / 13.11.2019
31797
2 дақиқада ўқилади

9 ёшидаёқ бакалавр - нидерландиялик вундеркинд рекордга яқинлашяпти

Фото: Twitter

Яқинда олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг энг ёш эгасига нидерландиялик 9 ёшли Лоран Симонс айланади, у бир неча ойдан сўнг Эйндховен техника университетини битиради.

Ҳозиргача олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг энг ёш эгаси 10 ёшида Алабама университетини битирган америкалик Майкл Карни ҳисобланар эди.

Лоран Симонс электротехника факультетида таҳсил олмоқда. У университетга атиги бир йил олдин кирган.

Вундеркинд мактабнинг ўрта ва юқори синфлари олти йиллик дастурини атиги 1,5 йил ичида ўзлаштирди ва ўтган йил ёзда, саккиз ёшида, ўрта маълумот ҳақида аттестат олди.

Ёзги таътилдан сўнг, у университетда ўқишни бошлади. Қайд этилишича, университет дастурини ҳам барча курсдошларига қараганда анча тезроқ ўзлаштирган.

Боланинг IQ даражаси 145га тенг, у фотографик хотирага эга. Лораннинг сўзларига кўра, энг севимли фани - математика, сабаби статистика, геометрия ва алгебрани ўз ичига олади.

Келажакда у кардиожарроҳ бўлишни хоҳлаяпти. Бола мактабда ўқиган пайтидаёқ Амстердам университетининг тиббий факультетидаги махсус курсда таҳсил олган.

Лоран Симонснинг сўзларига кўра, одамлар ҳаётини узайтириш учун восита топишни орзу қилади.

Лоран Симонснинг онаси Бельгиядан, отаси эса ҳолландиялик. Бола Бельгияда туғилган, кейин оила Нидерландияга кўчиб кетган.

Ота-онасининг сўзларига кўра, улар оилада вундеркинд улғайиб келаётганини жуда эрта билишган. Лореннинг отаси айтишича, ўғли, тенгдошларидан фарқли ўлароқ, ўйинчоқларга унчалик қизиқмасди.

«Агар у эртага дурадгор бўлишга қарор қилса, бу биз учун муаммо бўлмайди. Муҳими, бу унинг ўзини хурсанд қилса бўлди», - деганди Лореннинг отаси бир йил олдин, ўғли университетга кирганида.

Мавзуга оид