Жамият | 21:45 / 13.11.2019
38718
2 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Ўзбекистонликлар қандай оилани замонавий-намунали деб ҳисоблайди?

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ўзбекистонликлар қандай оилани замонавий-намунали оила сифатида кўришларини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги 800та оила иштирокида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Сўровномада билдирилган фикрлар асосида замонавий-намунали оила модели сифатида қандай оила назарда тутилиши аниқланди.

Сўровнома натижаларига кўра, қуйидаги мезонларга жавоб берувчи оилалар замонавий-намунали оила саналади:

  • қонуний никоҳдан ўтганлик;
  • оиланинг тўлиқлиги (ота ҳам, она ҳам бор);
  • 3 нафардан кам бўлмаган фарзандга эгалик;
  • ота-оналар ва фарзандларнинг олий маълумотга ва ишга эгалиги;
  • бобо ва буви билан истиқомат қилиш;
  • фаровон турмуш шароитига эгалик;
  • жисмонан соғлом бўлишга эътибор берувчи;
  • маънавий-психологик соғлом муҳит;
  • фарзандларни миллий қадриятлар асосида тарбияловчи оила.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бу ҳақда 13 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Оила» маркази директори ўринбосари Дилбар Алимжанова маълум қилган.

Анжуманда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Хусусан, 2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида ижтимоий аҳволи оғир бўлган хотин-қизларнинг 6 минг 734 нафарига тиббий, 18 минг 717 нафарига 12 млрд 6 млн сўм қийматида моддий ёрдам кўрсатилган.

«Ногиронлиги бўлган 5 минг 39 нафар хотин-қизга ногиронлик аравачалари ҳамда бошқа реабилитация воситалари олиб берилди. Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида 1 минг 454 нафар хотин-қиз учун уй-жой суммасининг бошланғич бадали тўлаб берилди», – деди Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова.

Мавзуга оид