Ўзбекистон | 11:42 / 14.11.2019
47854
3 дақиқада ўқилади

Россиядаги суддан «Ўзавтосаноат»ни жавобгарликка тортиш сўралди

Субсидиар жавобгарлик ҳажми 22 миллиард рублга баҳоланмоқда.

Фото: KUN.UZ

Жанубий Кореяга тегишли Erae CS Co компаниясининг Россиядаги шўъбаси автомобиллар дистрибьютори - «УзДЭУавто-Воронеж» компаниясининг банкротлиги бўйича ишда қарздорни назорат қилувчиларни, хусусан, «Ўзавтосаноат»ни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда «Прайм» Воронеж области ҳакамлик суди материалларига асосланиб ёзмоқда.

Ҳозирги вақтда субсидиар жавобгарлик ҳажми 22 миллиард рублга баҳоланмоқда. Корея компаниясининг шўъбаси олдидаги қарз 2015 йил 3 декабрдаги дилерлик шартномаси бўйича пайдо бўлган, унга кўра у дистрибьюторга 10 миллион доллар ўтказган, аммо ҳеч қандай машина олмаган.

Талаблар «Ўзавтосаноат», Avtosanoat Invest, GM Uzbekistan АЖ, шунингдек, 2013 йилдан 2017 йилгача қарздорнинг бош директори лавозимини эгаллаган уч шахсга қўйилмоқда. Бошқа кредиторлар ҳам уларни субсидиар жавобгарликка тортиш тўғрисида ариза беришди.

2017 йил апрель ойида Воронеж области арбитраж суди «УзДЭУавто-Воронеж»ни банкрот деб топди. GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган Daewoo ва Ravon автомобилларини Россияга улгуржи етказиб бериш билан шуғулланган ушбу компаниянинг ягона акциядори - «Ўзавтосаноат»га тегишли бўлган Avtosanoat Invest.

Кредиторларнинг, шу жумладан, Erae CS Co. шўъбасининг фикрига кўра, қарздор билан бир гуруҳга кирувчи жавобгарларнинг хатти-ҳаракатлари аввалига «УзДЭУавто-Воронеж»нинг банкротлигига олиб келган, кейин эса банкротлик тўғрисидаги ишда мустақил кредиторларнинг манфаатларига зарар етказувчи «дўстона» қарздорликка олиб келди. Шу тариқа, «УзДЭУавто-Воронеж» реестрига киритилган GM Uzbekistan олдидаги қарз 9,5 миллиард рублдан ошади (реестрнинг қарийб 40 фоизи).

Воронеж суди қарздорни назорат қилувчи шахсларни субсидиар жавобгарликка тортиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни 2020 йил 13 апрелга тайинлади.

2008 йил март ойида General Motors (ўшанда 25 фоиз улушда) ва «Ўзавтосаноат» (ўшанда - 75 фоиз) «УзДЭУавто» базасида GM Uzbekistan қўшма корхонасини ташкил этиш жараёнини якунлади. 2017 йил октябрь ойида GМ GM Uzbekistan ҚК акциядорлари таркибидан босқичма-босқич чиқиш ҳақида қарор қабул қилди. 2018 йил декабрь ойида давлат компанияси қўшма корхонадаги GM улушини тўлиқ сотиб олди, кейинчалик ном UzAuto Motors’га ўзгартирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид