Спорт | 08:46 / 18.11.2019
2704
2 дақиқада ўқилади

Формула-1: Макс Ферстаппен Бразилия босқичида ғолиб бўлди

Фото: EPA-EFE/Fernando Bizerra Jr

“Ред Булл” жамоасининг голландиялик пойгачиси Макс Ферстаппен “Формула-1” пойгасининг 20-босқичи – Бразилия гран-присида ғолиб бўлди.

2-ўринни “Торо Россо” вакили, франциялик пойгачи Пьер Гасли эгаллаган. Марра чизиғини учинчи бўлиб кесиб ўтган “Мерседес” аъзоси, британиялик пойгачи ва амалдаги чемпион Льюис Хэмилтон “Ред Булл” аъзоси Александер Албон билан охирги айланада тўқнашиб кетгани сабабли 5 сониялик жарима олиб, 7-ўринга тушиб кетган. Шундан кейин 3-ўринга “Маклерен” вакили Карлос Сайнс кўтарилган. 

Эътиборлиси, Хэмилтон аввалги босқичдаёқ ўзига навбатдаги чемпионликни кафолатлаб қўйганди. 

“Феррари” аъзолари Себастьян Феттель ва Шарл Леклер финишгача 5 айлана қолганда тўқнашиб кетишган ва пойгадан чиқиб кетишган. Шунингдек, “Мерседес” пойгачиси Валттери Боттас ҳам пойгани якунлай олмаган. 

Умумий ҳисобда Хэмилтон 387 очко билан 1-ўринни, Боттас 314 очко билан 2-ўринни эгалламоқда. Ферстаппен эса ушбу муваффақиятидан кейин (260 очко) 3-ўринга кўтарилиб олган. 

Мавсумнинг охирги босқичи Абу-Дабида 29 ноябрь-1 декабрь кунлари бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид