Спорт | 08:26 / 24.11.2019
8994
2 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг яхши енгил атлетикачилари эълон қилинди 

Далайла Муҳаммад Фото: Getty Images /Matthias Hangst

Енгил атлетика федерациялари халқаро ассоциацияси (World Athletics) йилнинг энг яхши енгил атлетикачиларини эълон қилди. Аёллар ўртасида бу номга америкалик югурувчи Далайла Муҳаммад, эркаклар ўртасида эса кениялик марафончи Элиуд Кипчоге сазовор бўлди.

29 ёшли Муҳаммад 2019 йилда Доҳада ўтган жаҳон чемпионатида 2 та олтин медал қўлга киритди ҳамда тўсиқлар билан 400 метрга югуришда янги жаҳон рекорди ўрнатди. Кипчоге иккинчи марта World Athletics совриндори бўлди. 35 ёшли спортчи жорий йилда Лондондаги марафонда ғолиб бўлган ҳамда марафонни 2 соатдан камроқ вақт ичида (1:59.40,2) босиб ўтишга муваффақ бўлган тарихдаги илк спортчи бўлди.     

World Athletics талқинига кўра, украиналик баландликка сакровчи Ярослава Могучих ва эфиопиялик югурувчи Селемон Барега энг яхши ёш енгил атлетикачилар деб топилди. 18 ёшли Могучих жаҳон чемпионатида кумуш медални, 19 ёшли Барега эса 5000 метрга югуришда кумуш медални қўлга киритган.

Кениялик спортчиларга 1976 йилдан мураббийлик қилиб келган ирландиялик Колм О'Коннелл мураббийлик хизматлари учун мукофот билан тақдирланди. Мутахассис шу йиллар давомида 25 нафар жаҳон чемпиони ва 4 нафар Олимпия чемпионини тарбиялаган. 

 

Мавзуга оид