Спорт | 14:10 / 25.11.2019
89191
2 дақиқада ўқилади

«Пахтакор» ўйингоҳи ёпилди. Стадион бузилиб, янгиси қурилади

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби уй учрашувлари ўтказиб келинадиган «Пахтакор» марказий стадиони ёпилди. Энди стадион бузилиб, ўрнига янгиси қурилади.

Фото: Wikipedia

Стадион ёпилиши муносабати билан 27 ноябрь куни Суперлиганинг 25-тури доирасида ушбу стадионда ўтказилиши белгиланган «Пахтакор» - «Бунёдкор» учрашуви «Бунёдкор» стадионига кўчирилган.

Tribuna.uz манбаси хабар беришича, ҳозирга келиб клубнинг муассис ва ҳомийлари томонидан «Пахтакор» стадионининг янги лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Тез орада янги арена лойиҳаси танлангач, «Пахтакор» ўйингоҳининг тўлиқ бузилиши бошланади. Унинг ўрнига янги стадион қурилиши 2020 йилга режалаштирилган. Янги стадион қурилиши клуб бош ҳомийси саналмиш «SFI Management Group» томонидан молиялаштирилади. Ҳозирда бир қатор хориж компаниялари клуб раҳбариятига янги арена лойиҳаси бўйича ўз таклифини берган.

«Пахтакор» клуби янги стадион қурилиб, фойдаланишга топширилишига қадар, 2020 йилги мавсум ўйинларини Тошкентдаги «Жар» стадионида ўтказади.

Маълумот учун, «Пахтакор» стадиони 1956 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунгача икки марта - 1996 ва 2008 йиллар қайта таъмирланган. Аввалига стадион сиғими 55 минг томошабинга мўлжалланганди, 2008 йилги реконструкциядан сўнг алоҳида ўриндиқлар ўрнатилгач, стадион сиғими 34 мингга қисқарганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид