Жаҳон | 10:22 / 25.11.2019
12945
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик қиз йўтал хуружи вақтида 10 та қовурғасини синдириб олди

Фото: Shutterstock

Хитойлик қизнинг гўзаллик ортидан қувиши ва юқори ижтимоий мақомга эга бўлишга интилиши кучли йўтал хуружидан кейин 10 та қовурғасининг синишига олиб келди. Бунга эса қизнинг қуёшдан ҳимояловчи кремдан мунтазам фойдалангани сабаб бўлган. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди. 

20 ёшли қиз териси қуёшдан қораймаслиги ортидан синчковлик билан кузатиб борган, чунки қорамтир тери Хитойда далаларда ишловчи ночор одамларга хос белги ҳисобланади. Шу сабабли қиз кўчага кам чиққан, чиқса ҳам аввал терисига қуёшдан ҳимояловчи крем суртиб чиққан. Қиз бунга шунчалик муккасидан кетганки, ҳаттоки кўчага чиқмаган пайтларда ҳам кремдан фойдаланган.

Шундай кунлардан бирида қиз шифохонага кучли йўталдан шикоят қилиб мурожаат қилган. У ерда қизга “астма” ташхиси қўйилган. Шифокорлар қизга ингалятор бериб, уйда даволанишни буюришган. Бироқ йўтал кучайиб бораверган ва кунларнинг бирида қиз уйқудан кўкрагининг чап томонидаги қаттиқ оғриқ билан уйғониб, яна шифохонага мурожаат қилишига тўғри келган. 

Шифокорлар қизни рентген қилишган ва олинган натижадан ҳайратда қолишган: аниқланишича, қизнинг кучли йўталдан зўриқиш оқибатида 10 та қовурғаси синиб кетган. Навбатдаги кўрикдан кейин шифокорлар бунга қизнинг оқ, чиройли терига эга бўлишга интилиши олиб келганини аниқлашган.

Маълум бўлишича, қизда унинг ёши учун суяклари зичлиги жуда паст бўлган. Бунга эса қизнинг қонида фосфор ва калций жуда кам миқдорда бўлгани ҳамда қуёшнинг ултрабинафша нурлари таъсири остида организмда ишлаб чиқилувчи D витамини танқислиги олиб келган. Аниқланишича, қуёшдан ҳимояловчи крем қизнинг организмида D витаминининг ишлаб чиқилиши жараёнини блоклаб қўйган ва бунинг натижасида унинг суяклари мўртлашиб кетган.

Мавзуга оид