Жамият | 11:45 / 26.11.2019
13871
4 дақиқада ўқилади

Бухорода дунёга таниқли компаниянинг замонавий тиббиёт клиникаси очилди

Бухоро шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигидаги «Himchan» кўп тармоқли клиника очилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон тиббиёт тизимида хусусий сектор улушини ошириш, унинг ҳуқуқий механизмларини яратиш, уларга кенг имтиёзлар тақдим этилаётгани натижасида бу йўналишдаги шифохоналар сони 5300дан ошди. Шунингдек, қисқа вақт ичида мамлакатда АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея, Исроил каби хорижий давлатлар билан ҳамкорликда 100дан ортиқ замонавий хусусий клиникалар иш бошлади.

Хусусан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда. Бунинг натижасида Тошкент шаҳрида кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида ўхшаши йўқ тўртинчи даражали болалар кўп тармоқли миллий тиббиёт марказини бунёд этиш жадал олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Корея Республикасининг кўплаб ташкилотлари, жумладан, «KOICA», «KOFIH», «EDCF» жамғармалари билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш соҳасида қиймати 190 миллион АҚШ долларидан зиёд қатор сармоявий ва грант лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, шифокорларнинг малакасини ошириш, тиббий таълимни ривожлантириш ва тиббиёт янгиликларини оммалаштириш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.

«Бухоро шаҳрида қад кўтарган замонавий «Himchan» клиникаси ҳам ана шундай ҳамкорликнинг муҳим кўзгусидир. Мазкур клиника қурилиши шу йил бошида бошланган эди. Уни барпо этган Жанубий Кореянинг энг таниқли «Korea medical Foundantion Sangwon Hospital Himchan» клиникаси жаҳонда травматология-ортопедия ва нейрохирургия марказларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича катта тажрибага эга бўлган нуфузли муассаса ҳисобланади. Мазкур компания бошқа кўплаб мaмлaкaтлaрдa ҳам айнан шу йўналишдаги тиббиёт марказларини барпо этиб, мутахассисларга замонавий жарроҳлик услубларини ўргатиб келган.

Бухоро шаҳрида очилган «HIMCHAN» хусусий клиникасини қуриш, жиҳозлаш ва фаолиятни электрон ташкил этиш ишларига 7,1 миллион АҚШ доллари миқдорда инвестиция киритилди. Бу ерда 140дан зиёд янги иш ўринлари яратилиб, стационар шароитда даволаниш учун 90та ўрин ташкил этилди. Эндиликда вилоят аҳолиси ушбу йўналишда малакали тиббий диагностика ва даволаш ёрдами олиш учун олис йўл босиб пойтахтга боришига ҳожат қолмади. Ушбу тиббиёт муассасасида травматология, ортопедия, нейрохирургия, умумий хирургия каби қатор соҳаларда аҳолига энг юксак технологиялар воситасида диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган.

Яна бир эътиборли томони, ушбу тиббиёт муассасаси нафақат аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, балки, тегишли соҳалар бўйича шифокорларнинг малакасини ошириш борасида ҳам ўзига хос марказ вазифасини ўтайди. Бу ерда Жанубий Кореядан келган малакали мутахассислар иштирокида маҳаллий шифокорлар учун тиббиёт ютуқлари ва илм-фан янгиликлари юзасидан узлуксиз маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ташкил этилади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ва Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квон иштирок этди ва сўзга чиқди.

Мавзуга оид