Жамият | 22:59 / 27.11.2019
44870
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz’дан мультфильм: сийқаси чиқиб кетган «Миллий ғоя» ибораси ҳақида

Гап шундаки, баъзи сўзлар онгсиз равишда кўп истеъмол қилинаверганидан ўз маъносини йўқотиб қўйган. Бир қарашда сўз бор, аммо маъносини кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. «Халойиқ, маъно қани?!» деб ҳайқиргингиз келади.

Шундай ибораларнинг бири – «миллий ғоя» сўз бирикмасидир. Бу ибора кўп айтилади, аммо онгимизга, қалбимизга елчалик таъсир этолмайди. Аксинча энсамизни қотиради. Шуни айтиш керакки, тушунчаларнинг сийқасини чиқариб, маъносидан жудо қилиш бу –  маънавий диверсия, бузғунчиликдир.

Хўш, аслини олганда «миллий ғоя» нима дегани?

Миллий ғоя шундай бир нарсаки, гарчи у моддий бир нарса бўлмаса ҳам «тоғларни қулатади». Айнан миллий ғоясини бироз бўлса-да тўғри қўя олган миллатлар ҳозирда бошқалардан – миллий ғоясини белгилай олмаган ёхуд ғоя кераклигини англамай гангиб юрган халқлардан ўзиб кетишган. Зеро, миллат ўз олдига қўйган тўғри миллий ғоя бу – халқнинг ички захирасини юзага чиқарадиган «сеҳрли» формула, ички кучларни ҳаракатга келтирувчи «детонатор».   

Kun.uzнинг янги, «KUN ANIMATION» ижтимоий мультфильмлар лойиҳасининг биринчи қисми шу ҳақда.

Муҳаммад Шакур тайёрлади

Мавзуга оид