Ўзбекистон | 15:38 / 30.11.2019
5575
2 дақиқада ўқилади

Алишер Курманов иқтисодий зоналардаги муаммоларни маълум қилди

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлиси давомида сенатор Алишер Курманов Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакилига савол бериш асносида иқтисодий зоналарда кузатилаётган муаммоларни маълум қилди. 

“Йил давомида жойларга чиқиб, вазиятни ўргандик, мансабдор шахслар, иқтисодий зона раҳбарлари билан учрашдик. Афсуски, бир муаммо намоён бўлиб қолди. Кўп ҳолларда бу одамларни махсус инвестициялар билан ишлаш, иқтисодий зоналарни юритиш кўникмалари йўқлиги аниқланди. Баъзи бир ҳолатларда на чет тилларини билишади, на музокараларни олиб бориш хусусиятларига эга.

Ваҳоланки, давлат дастурида давлат хизматчиларини тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида назарда тутилган эди. 

Агар бизда шундай тизим мавжуд бўлса, нима учун бу тизимнинг унумдорлиги сезилмаяпти. Агар йўқ бўлса, жиддий савол нима учун йўқ?” - дея савол берди Алишер Курманов. 

Бунга жавобан, инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Нозим Холмуродов бугунги кунда мамлакатда 21та эркин иқтисодий зоналар фаолият юритаётгани, эркин иқтисодий зоналар раҳбарларининг малакасини оширишда биринчи навбатда вазирлик томонидан асосий эътибор хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганишга қаратилгани, раҳбарларнинг бу борадаги малакаларини ошириш мақсадида вазирлик қошида тренерларни жалб қилган ҳолда курсларни ўтказиш мақсадида ўқув маркази ташкил этилгани ва вазирлик томонидан ана шу йўналишда амалга оширилаётган бошқа ишларни маълум қилди. 

Сенат раиси Танзила Норбоева бу масала ҳақиқатан ҳам долзарб экани, президент томонидан ҳозирда хориждан жуда катта инвестициялар олиб келинаётгани, бироқ бизда шароит бўлмагани, ишлашни билмаганлик туфайли инвесторларнинг Ўзбекистондан кетиб қолаётгани, шунинг учун ҳам айниқса ҳудудларда мазкур масалага жиддий эътибор бериш кераклигини таъкидлади.

Мавзуга оид