Спорт | 18:53 / 30.11.2019
26207
3 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян: «Хитойнинг «Чангчунг Ятай» клубида иш бошлайман»

Фото: Tribuna.uz

«Локомотив» бош мураббийи Самвел Бабаян Суперлига 26-туридан ўрин олган «Пахтакор»га (0:0) қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида фаолиятини Хитойда давом эттиришини эълон қилди. 

«Бу ўйинни ҳамма қизиқиш билан кутган эди. Афсуски у турнир жадвали нуқтаи назаридан аҳамиятга эга бўлмади. Аммо жамоалар дуранг ўйнаган бўлса ҳам, менимча баҳс мухлисларга ёқди. Йигитлардан миннатдорман, улар яхши ўйин намойиш қилишди.

Расман эълон қиламан. Бугун «Локомотив»даги сўнгги ўйиним бўлди. Мавсумни қандай баҳолайман? Албатта ижобий. Чунки мен ажойиб, профессионал футболчилар билан ишладим, биз олдинга қараб ҳаракатланадиган жамоа туздик. 

Эртага Хитойнинг «Чангчунг Ятай» клубида иш бошлайман. Афсуски жамоа Хитой Суперлигасидан тушиб кетган. Улар мени 2016 йилда ҳам таклиф қилишганди. Ўша пайтда жамоа Чемпионлар Лигаси даражасида эди. Аммо уларга рад жавобини бердим, чунки миллий жамоани тарк этолмасдим.

Уч ҳафта олдин улардан яна таклиф олдим. Музокара ўтказиб, ўз фалсафамни тушунтирдим. Улар менинг «Пахтакор», миллий жамоа ва «Локомотив»даги ишим ҳақида тасаввурга эга. Бу чорлов нафақат мен учун, балки мамлакат учун ҳам муҳим. Чунки илк маротаба ўзбекистонлик мутахассис хорижга ишга чақирилмоқда. Бу чемпионатда машҳур мураббийлар ишлаган – Бенитес, Пеллегрини, Липпи. Мен у ерга Бабаян сифатида эмас, балки ватан, маданиятимиз, мураббийлар мактаби вакили сифатида боряпман. Шу туфайли ҳам таклифни қабул қилдим.

«Локомотив» билан шартнома имзолаганимда, агар хориждан таклиф бўлса, қўйиб юборишларини илтимос қилгандим. Чунки, хорижда ишлаш ҳар доим орзум бўлган. У амалга ошди. 

Латвияда («Спартак Юрмала» клубида) ишим юришмади. Чунки лицензия ва бошқа ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар бўлди. Ваҳоланки, мен Европа Чемпионлар Лигасида ишлаган осиёлик биринчи мураббий бўлдим.  

Орзум амалга ошганидан фахрланаман. Ўз штабим билан Хитойга йўл оламан. Улар – Журжевич, Колосовский, Галич ва Майрамов. Ва яна ўзбекистонлик таржимонни ҳам олиб кетамиз.

«Локомотив» футболчиларини Хитойга олиб кетаманми? Гап шундаки, Хитой иккинчи дивизионида уч нафар легионерга рухсат бор. Шу туфайли улар асосан ҳужумчиларни олишади. Эртага Хитой клуби раҳбарияти билан учрашиб, Суперлигага чиқишга ёрдам берадиган легионерлар масаласини муҳокама қиламиз», - деб Бабаян сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Мавзуга оид