Иқтисодиёт | 11:40 / 01.12.2019
71530
3 дақиқада ўқилади

Максим Орешкин Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИга қўшилишини айтди

Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин 30 ноябрь куни Россия Олий иқтисодиёт мактаби (Высшая школа экономики) талабалари билан бўлган учрашувда Ўзбекистон 2020 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишини маълум қилди. Бу ҳақда иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов телеграмдаги каналида хабар берган.

«Бугун Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин, Олий иқтисодиёт мактаби (НИУ ВШЭ) талабалари билан бўлган учрашувда Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига 2020 йили киришини тасдиқлади. Ундан ташқари талабаларга келаётган таътилда Ўзбекистонга боришни тавсия қилди ва Ўзбекистон туристик жиҳатдан ниҳоятда қизиқлиги ва меҳмондўстлигини айтиб ўтди. Ҳозирда музокаралар Ўзбекистон давлат корхоналарига Евроосиё иттифоқига киришдаги имтиёзлар ҳақида бўлаётганини ва бу масалада келишув албатта бўлиши ҳақида айтди.

Айтиш жоизки,  Орешкин ҳозирда Россия ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг Россия тарафидан раҳбари ҳисобланади.

Бошқа жуда ишончли манбаларга кўра,  Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига кириши 2020 йилнинг кузида, Тошкентдаги МДҲ давлатлари саммитида эълон қилинар экан», дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг октябрь ойи бошида Россия Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко Тошкентга ташрифи вақтида Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқаётгани тўғрисида маълумот берганди.

Кейинроқ Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон ушбу иттифоққа қўшилиш имкониятларини уч йилдан бери ўрганаётганини маълум қилди ва шу билан биргаликда Ўзбекистон миллий манфаатларга рахна солувчи ҳеч қандай шартномага қўл қўймаслигини таъкидлади.

7 октябрь куни Ўзбекистон Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳаси жойлаштирилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2022-2025 йилларда ЕОИИга аъзо бўлиб кириши кўзда тутилган.

Мавзуга оид