Ўзбекистон | 16:08 / 02.12.2019
51235
4 дақиқада ўқилади

Иттифоққа кириш чиндан сифатли импортни таъминлайдими? Яна ЕОИИ ҳақида

Фото: Сабыр Аильчиев

Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкиннинг талабалар билан бўлган учрашувида Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига 2020 йили кириши муҳокама қилиниши ахборот босимининг бир турими? Бу каби саволларнинг жавоби ҳозирча номаълум. Давлатимиз томонидан расмий баёнот бўлмагунича шошилинч хулоса чиқармаган бўлардим.

Нима бўлганда ҳам бу мавзу ҳали бери ёпилмаган деб ҳисоблайман, чунки биз ЕОИИга киришнинг махсус шартларини кўрмадик, кирган тақдирда мамлакатни нима кутаётгани ҳақида бохабар бўлиш оқил одамлар учун катта аҳамиятга эга.

ЕОИИга киришда Ўзбекистон экспорти учун имкониятлар очилиши ҳақида ваъдалар асосли эмаслигини мақоламизда айтиб ўтдик. Мигрантлар ҳаёти яхшиланиши иддаоси ҳам заиф аргументлигини алоҳида баён қилдик.

Яна бир даъво қолди: бу иттифоққа кириш арзон ва сифатли маҳсулотлар Ўзбекистонга кириши учун чекловлар олиниши бўйича.

Бу иддаога шундай ойдинлик киритиш мумкин: асосан Россия маҳсулотлари учун чекловлар олинади, бошқа давлатлар учун нафақат чекловлар қолади балки улар иттифоқдошлар (ва айниқса Россия) билан мувофиқлаштирилади, яъни ташқи импорт учун чекловлар кескинлашади. Протекционизм устига яна бир протекционизм қурилади.

Маҳсулотлар сифатига келсак, бу ҳам қизиқ мавзу. Юқори сифат таъминоти юқори даражадаги технология, кучли назорат тизими ва олий мақомдаги мутахассислар томонидан ҳосил бўлади. Олий сифат қимматбаҳо имтиёздир. Қуйироқ сифат маълум эҳтиёжни қондиргани билан зиёнли бўлиши мумкин. Иттифоқнинг протекционизми ва рус ишлаб чиқарувчилар учун янги имтиёзлар пайдо бўлиши, шунингдек мигрантлардан келадиган тушум озайиб кетиши (булар ҳақида суҳбатимизда айтиб ўтганмиз) аҳолининг харид қобилиятини йилдан йилга қисқартириб боради, оддий сўз билан айтганда, қашшоқлашув давом этади. Бу дегани – иттифоқдан кутилаётган яхши сифатли маҳсулот ва хизматлар ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлади.

ЕОИИга киришни танқид қилувчилар орқасида маҳаллий монополистлар турибди, деган айбловларни ҳам ўқидик. Монополист манфаатларидан «хавотир» олмаган маъқул, чунки Ўзбекистон мазкур иттифоққа аъзо бўлиб қолса монополистларимиз биринчи бўлиб рус компаниялари билан эксклюзив диллерлик шартномаларини тузиб олишади ва ҳар қачонгидек истеъмолчи ночорлиги устида «семиришади».

Бир нарсани яхши тушунайлик: давлат сиёсати қарорлар мувозанатига асосланади. Зиддиятли йўналишлар ўртасида стратегик мақсадлар ва жорий вазият манфаатларига таянган энг оптимал ечимлар топилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун муҳит яратиш ва истеъмолчи эҳтиёжлари учун импорт эшикларини ёпмаслик каби икки қарама-қарши вектор орасида мувофиқлашган қарорлар турли таҳлил ва баҳслар натижасида ҳосил бўлади. ЕОИИ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни синдиради ва миллий иқтисодни заифлаштиради. Харид қобилияти пасайиб борадиган истеъмолчи аҳоли иттифоқнинг сифатсиз импортига боғлаб қўйилади. Тараққиёт омиллари бўлмиш узоқ йиллик инвестициялар, янги технологиялар ва илғор бошқарув тизимларини бу иттифоқ олиб кирмайди. Уларни ЕОИИнинг қайси давлатларидан кутиш мумкин?

Жамшид Муслимов, иқтисодчи

Мавзуга оид