Ўзбекистон | 20:00 / 06.12.2019
9276
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ОТМлари халқаро мукофот олди

Бугун, 6 декабрь куни илмий йўналишда фаолият олиб бораётган қатор ўзбек олимлари ва университетларига жаҳоннинг энг нуфузли илмий мукофотларидан бири - «Scopus award» топширилди.

Жумладан, «Science Direct Top Published University» («Энг кўп нашр қилган университет») номинацияси бўйича Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, «Research Output of the Year»

(«Йил кашфиёти») йўналиши бўйича эса Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тақдирланди.

Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университети «Growth of the Year» («Йилнинг энг сермаҳсул ОТМ»), Тошкент текстил ва енгил саноат институти «Library of the Year» («Йил кутубхонаси») номинацияси билан тақдирланди.

Тошкент Турин политехника университетига эса «Impact of the Year» йўналиши бўйича мукофот топширилди.

Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, бундан 2 йил олдин мамлакатда илмий йўналишда фаол ҳаракатлар бошланганда ҳеч ким бу қадар тез амалий натижа қайд этилишини кутмаган эди. Айни пайтда эса биринчи катта ютуқ сифатида  Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти халқаро QS рейтингига киритилди.

Азиз Абдуҳакимов

Бош вазир ўринбосари бу халқаро тадбир ҳам Ўзбекистон ОТМларининг илмий салоҳияти ўсишига катта туртки бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Мавзуга оид