Ўзбекистон | 08:13 / 06.12.2019
24323
3 дақиқада ўқилади

Президент қарори: давлат харидлари тизимида янгича тартиб ўрнатилади

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси президенти “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Белгиланишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “Хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3487-сон қарори билан тасдиқланган стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари ва корхоналар:

энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли орқали харидларни амалга оширишдан олдин давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида эълон жойлаштиради. Эълонда харид комиссияси томонидан таклифларни қабул қилиб олишнинг ўн беш кундан кам бўлмаган сўнгги муддати ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 52-моддасида назарда тутилган ахборот бўлиши керак;

харид комиссиясининг энг яхши таклифларни танлаб олиш бўйича баёнини у расмийлаштирилган куни давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида икки иш куни муддатга жамоатчилик муҳокамасига жойлаштиради;

давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар тўғрисида маълумотларни улар тузилган санадан бошлаб уч иш кундан кечиктирмасдан белгиланган тартибда давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар реестрига киритади;

харидларни электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион орқали қонунда белгиланган мезонларга мувофиқ амалга оширишга ҳақли.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат буюртмачиларига электрон дўконнинг қўшимча саҳифасидан фойдаланган ҳолда, давлат харидларини ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (иш бажарувчилар, хизмат кўрсатувчилар) ўртасида амалга ошириш ҳуқуқи берилади. Бунда, электрон дўконнинг қўшимча саҳифасида харид қилиш тартиб-таомили якунига кўра товар (иш, хизмат) мавжуд эмаслиги сабабли шартнома тузилмаган бўлса, давлат буюртмачиси электрон дўконнинг асосий саҳифасидан фойдаланмасдан мустақил равишда танланган етказиб берувчи билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга ҳақли эмас.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил 1 январдан бошлаб Молия органлари ва бюджет ташкилотлари молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув маркази базасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари учун ўқув жараёнига соҳадаги етакчи мутахассисларни кенг жалб қилган ҳолда давлат харидлари бўйича махсус курслар ташкил қилади.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет ташкилотларининг чет эл валютасидаги маблағларига нисбатан Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақлари очиш орқали ғазна ижроси механизми жорий этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид