Ўзбекистон | 20:20 / 11.12.2019
71934
2 дақиқада ўқилади

ХДП вакили «энг коррупциялашган» агентлик номини айтди

Сиёсий партиялар вакиллари иштирокида суратга олинаётган «Демократик дебат» ток-шоусининг 10 декабрь кунги сонида ички ва ташқи миграция, хусусан, меҳнат муҳофазаси, ҳуқуқий ҳимоя ва мигрантларнинг пенсия таъминоти масалалари муҳокама қилинди.

x6sI-fIsGgJYZuhWaqSwb9Uc6FwhAsns.jpg (1151×745)

Дебат давомида ЎзЛиДеП партияси вакили Халқ демократик партияси вакилларига қарата «Ўзбекистонда мардикор сифатида ишлаётган фуқароларга меҳнат стажи юритилиши ва уларнинг соғлиғи суғурталаниши учун нима иш қилдингиз?» мазмунида савол берди.

Саволга  Халқ демократик партияси вакили Боймурод Юсупов жавоб берди.

«Аввало, ташқи миграция борасида бир нарсани очиқ айтай. Бу гапим учун ҳар қандай жойда жавобимни бера оламан. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги энг коррупциялашган органдир. Агентликнинг раҳбарлари ҳам коррупционерлар.

Мен чет элга шу агентлик орқали чиқиб кетаётган мигрантлар ҳақида гапирмоқчиман. Бу агентлик ўша кетаётганлардан ноқонуний равишда миллионлаб пул ўмаради.

Энди сиз берган савол бўйича, партиямиз ҳозирда халқаро тажрибада синалган йўлдан боряпти. Биз янги таклиф билан чиқяпмиз. Унга кўра, Ўзбекистонда ишсиз фуқароларни иш билан таъминловчи ширкатлар ташкил қилмоқчимиз. 

Тизим шундай бўладики, ишсиз фуқаро уйида ўтириб биз очган ширкатга буюртма беради. Ширкат вакиллари фуқарога кунлик иш ўринлари ҳақида маълумот беради. Масалан, бугун фалончи фермер хўжалигига 50 нафар ишчи керак, тўлови фалон сўм. 

Бу усул Исроилда муваффақият билан ишламоқда.

Ҳозирги тартиб бўйича мардикорларнинг ҳуқуқлари бирор норма билан тартибга солинмаган. Биз таклиф қилаётган тартиб ўрнатилса, фуқаронинг ҳуқуқлари ҳам ҳимоя қилинади, пенсия таъминоти ҳам юритилади», дея Халқ демократик партияси вакили Боймурод Юсуповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид