Жамият | 17:10 / 13.12.2019
44315
3 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқшунос маслаҳати: Орган ходими тўхтатганда нималарга амал қилиш керак?

Ҳуқуқшунос Абдумалик Абдуллаев кундалик ҳаётда учраши мумкин бўлган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан рўй берадиган муносабатлар бўйича ўз маслаҳатларини бериб ўтди.

Қуйидаги видеолавҳада орган ходими тўхтатиб, ўзи билан бирга идорага юришни сўраганида қандай ҳаракатланиш кераклиги бўйича эслатмалар келтирилган.

Шундай вазиятда қандай ҳаракатлар қонуний бўлади?

Аввало, сизни тўхтатган шахс ҳақиқатан ҳам орган ходими эканлигига ишонч ҳосил қилишингиз, бунда хизмат гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилишингиз мумкин.

Хизмат гувоҳномасидаги маълумотларга эътибор қаратинг:

  • Хизмат гувоҳномаси муайян ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан берилганига;
  • Хизмат гувоҳномасида ходимнинг Ф.И.Ш кўрсатилганига;
  • Хизмат гувоҳномасида тартиб рақами кўрсатилганига;
  • Ходимнинг лавозими ва сурати кўрсатилгани, сурат идоранинг гербли муҳри билан тасдиқланганига;
  • Энг асосийси, хизмат гувоҳномасининг амал қилиш муддати ўтиб кетмаганига;
  • Пастки қисмида бошлиқ имзоси мавжудлигига.

Ёдда тутинг:

  • Орган ходими билан идорага бормасликка қаршилик қилманг, асабийлашманг, қизишманг, вазиятга ойдинлик киритилгунга қадар сабр қилинг.
  • Индамаслик, жим туриш, ўзингизга нисбатан қарши кўрсатув бермаслик ҳуқуқларидан фойдаланишингиз мумкин.
  • Орган биносига киришда қачон ва кимнинг ҳузурига олиб келинганингиз ҳақидаги ёзувлар қайд этилишини талаб қилишингиз мумкин.
  • Агар сизда шахсий тинтув ўтказилса, камида икки нафар холис бўлишини ва бу ҳақида баённома расмийлаштирилишини талаб қилишингиз мумкин.
  • Холислар вояга етганига;
  • Улар ишнинг оқибатидан манфаатдор бўлмаган шахслар эканига;
  • Уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари орган ходими томонидан тушунтирилганига;
  • Бу ҳақда баённомада қайд этилганига эътибор қаратинг.
  • Агар лозим деб топсангиз адвокат хизматидан фойдаланишингиз мумкинлигини орган ходимига маълум қилинг.
  • Агар адвокат ҳизматидан фойдаланмасангиз, расмийлаштирилган ҳар бир ҳужжатга, уларнинг тўлиқ ҳар бирини ўқиб чиққандан сўнг, улардаги маълумотлар тўғрилигини тасдиқлаб имзо қўйишингиз ҳам, имзо қўймаслигингиз ҳам мумкин.
  • Агар адвокат хизматидан фойдаланишингизни маълум қилсангиз, у келгунча ҳаракатларингизни кейинга қолдиринг, яъни ҳар бир расмийлаштирилган ҳужжатни ўқиб чиқиб, уларга тегишли имзо қўйишни адвокат келгунга қадар кечиктиришингиз мумкин.
  • Адвокат келганидан сўнг, у билан холи учрашиб, ҳар бир ҳаракатингизни келишиб олинг.
  • Ҳар қандай вазиятда қонун доирасида ҳаракат қилишингиз кераклигини эсда тутинг.
    • Сиз айбсизлигингизни ўзингиз исботлаб беришга мажбур эмассиз;
    • Ҳар қандай шубҳа сизнинг фойдангизга ҳал қилинишини унутманг;
    • Илгари сурилаётган айб қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланмагунга қадар айбсиз ҳисобланасиз. Булар айбсизлик презумпцияси деб аталишини ёдда тутинг.

Мавзуга оид