Ўзбекистон | 22:30 / 20.12.2019
19897
4 дақиқада ўқилади

«Ҳалигача ЎзЛиДеП ҳукуматни шакллантирган партия деб юришибди» – ҳуқуқшунос

Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили Нуриддин Муродов Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг ваколат доираси кенг эмаслигини айтиб, ҳамкасбларини халққа турли ваъдалар бераверишдан тийилишга чақирди.

«Айрим номзодлар ваколатига кирмайдиган ваъдаларниям бериб юборяпти. Бу нарсани эртага бажара олмаслиги, ваъдаси қуруқ бўлиб қолиши мумкин. Ўзи депутатнинг 3-4та ваколати бор. Агар биз партия олдига қандайдир масалани қўйиб, унга партия орқали ечим топишни истасак, сайлов тизимини ўзгартиришимиз керак. Партиялар ҳукуматни шакллантирса, қандайдир ваъдани бера олади. Ҳозир одамлар талаб қилаётган масалалар партияларнинг бевосита ваколатларига кирмайди.

Масалан, номзодларимиз билан учрашувда сайловчилар кўпроқ ижтимоий масалаларни кўтаришяпти. Буларни ҳал қилиш қачон партиянинг ваколатига киради? Қачонки у ҳукуматни шакллантирса. Ўзбекистонда ҳукуматни шакллантирадиган партия ҳали йўқ. Ҳали бундай ваколат йўқ. Айрим партияларгаям буни тушунтиролмадик. Ҳалигача мана ЎзЛиДеП ҳукуматни шакллантирган партия деб юришибди. Конституциянинг 98-моддасини ўқиб олинглар яхшилаб», – деди у 19 декабрь куни матбуот анжуманида.

Маълумот учун, Конституциянинг 98-моддаси Вазирлар Маҳкамасига оид бўлиб, унда жумладан, бош вазири номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан таклиф этилиши белгилаб қўйилган. Таклиф этилган номзодни президент кўриб чиққач, у бош вазир лавозимига тасдиқланиши учун номзодни Қонунчилик палатаси ва Сенат аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи (камида 126 нафар парламентарий) маъқуллаб овоз бериши керак.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Нуриддин Муродов Сайлов кодексининг 25-моддасига асосан сайлов комиссияларига қўйиладиган талаблар борлиги, бироқ жойларда ушбу талабларга риоя қилинмаётгани ҳақида партияга кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини таъкидлаган.

«Мутасаддилардан илтимос қиламизки, номзодларнинг бевосита бўйсунувидаги шахслар жойларда сайлов комиссияси аъзоси бўлишига йўл қўйилмасин. Мана шу қоида бузилаётгани ҳақида жуда кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Бу нарса сайловларнинг натижасига бевосита таъсир қилади. Шу нуқтайи назардан маҳаллий ҳокимлик, кенгашлар ва мутасаддиларга мана шуни билдириб қўймоқчиман. Бу масала бўйича партиямиз яна огоҳлантиришларини беради», – деди ЎзЛиДеП вакили.

У жорий ҳафтада сайловчиларни ун ва ёғ билан ўзига оғдирмоқчи бўлгани сабаб, партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши депутатлигига номзоди маъмурий жавобгарликка тортилганига ҳам муносабат билдирди.

«Партиямиздан қўйилган номзоднинг сайловолди ташвиқот қоидаларини бузганини тан олдик. Лекин бу жиддий ҳуқуқбузарлик эмас. Номзод билан тушунтириш ишларини олиб борамиз ва у сайловда иштирок этади.

Бундай ҳолат бошқа партияларда ҳам кузатилди. Лекин биз буни кўтариб чиқмадик. Ҳамма партияларда бор бу ҳолат», – дея қайд этди Муродов.

Эслатиб ўтамиз, либерал демократларнинг ушбу номзоди аввалроқ мулкни олиб қўйиш ваколати депутатлик кенгашларига берилишига қаршилик билдириб, Тошкент метросининг Юнусобод йўналишида рўй берган фожиадан сўнг мутасаддилар бунинг учун халқдан узр сўраши кераклигини айтиб чиққанди.

Мавзуга оид