Ўзбекистон | 18:59 / 21.12.2019
11966
3 дақиқада ўқилади

Сўз эркинлигининг ҳам чеклови борми? Халқаро экспертдан изоҳ

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун, 21 декабрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Колумбия университети Халқаро ва жамоатчилик муносабатлари мактаби профессори Уильям Брюстер Эимке ўзбек журналистлари билан учрашди.

Сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун келган Уильям Брюстер Эимке ОАВнинг жамиятдаги ўрни ва сўз эркинлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Бугун журналистика бутун дунёда, асосан, реклама ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Бунда битта ахборотнинг қанча ўқилгани, эътиборга тушгани ва бошқа шу каби жиҳатлар ОАВ учун муҳим.

Бироқ, айни пайтда ҳатто АҚШ журналистикаси юз тутаётган энг катта қийинчилик бу - нима ОАВга пул келтириши мумкинлиги ва нимани халққа етказиш кераклиги борасидаги фарқда. Бу икки нарса бир-биридан фарқ қилади», - дея таъкидлади Уильям Брюстер Эимке.

Уильям Брюстер Эимкега кўра, журналистика молиявий томонни устун қўйгани учун халққа керакли ахборотдан воз кечмаслиги керак. Агар жамоатчилик нотўғри ва тўлиқ бўлмаган ахборотни қабул қилишга мажбур бўлмаса, ОАВнинг ҳурмати ошиб бораверади. 

«Одамлар хоҳлаган нарсаси ҳақида гапира олади. Бу – сўз эркинлиги. Масалан, кимдир сизга қариясан, деса ёки демаса ҳам, у айбдор бўлиб қолмайди. Бу ҳам сўз эркинлигининг қайсидир бир тарафи деб ўйлашимиз мумкин.

Лекин сўз эркинлигининг ҳам ўзига хос чекловлари бўлиши керак. Айтайлик, «Қаергадир олов кетяпти», деб хабар берилса-ю, бироқ ҳеч қанақа олов бўлмаса, бу хабарни тарқатган одам сўз эркинлигидан фойдаланган бўладими?

Халқни алдаш орқали сўз эркинлигидан фойдаланиш деган нарса бу тушунчани оқламайди. Яъни сўз эркинлиги ҳақиқатга асосланган бўлиши керак. 

Масалан, мен одамларга тадбиркорман деб ўзимни таништиришим мумкин. Ахир менда сўз эркинлиги бор. Хоҳлаган нарсамни айтишим мумкин-ку. Бироқ, йўқ. Сўз эркинлигининг ўз принциплари мавжудлиги ва биз уни ҳурмат қилишимиз кераклигини унутмаслигимиз зарур», - дея қайд этди профессор.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, ҳукумат ташкилотлари маълумотларни тўғри етказишига ҳам кўп нарса боғлиқ. Масъул ташкилот ЯИМ даражасини қанча қилиб кўрсатса, бошқалар ҳам шундай қабул қилишига тўғри келади. Шунинг учун ҳар тарафлама шаффофликка асосланган ахборот бериш ва узатиш тизими яратилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Мавзуга оид