Ўзбекистон | 12:28 / 25.12.2019
10692
3 дақиқада ўқилади

2020 йил давомида барча АЁҚШ реконструкция қилинади 

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ўзбекистонда нефт ва газ маҳсулотларини сотишни амалга оширувчи автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғининг бошқарув компанияси сифатида UNG Petro МЧЖ ташкил этилди.

"Ўзбекнефтгаз" хабарига кўра, айни пайтда автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаларини қабул қилиш ва узатиш, нефт маҳсулотларини етказиб беришда узилишлар рўй беришининг олдини олиш ва улар фаолиятининг тўхтаб қолмаслиги борасида фаол ишлар амалга оширилмоқда.

Автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ташкил этишдан мақсад — тўлақонли миллий брендни яратишдан иборат бўлиб, у "Ўзбекнефтгаз"АЖ ва истеъмолчи ўртасидаги ягона алоқа бўғини бўлиб қолади.

Ҳозирги кунда автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи орқали "Ўзбекнефтгаз"АЖнинг нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилган АИ-80, АИ-91 русумдаги бензин ва дизел ёқилғиси сотилмоқда. Бундан ташқари, UNG Petro томонидан аҳолига АИ-92 маркали импорт бензинини сотиш механизми йўлга қўйилди. 

Шунингдек, АИ-95 русумидаги импорт бензин ва Европа стандартларига жавоб берадиган дизел ёқилғисини олиб келиш режалаштирилмоқда. Ушбу нефт маҳсулотлари 2020 йилнинг январ ойи бошидан автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотила бошланади. Автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи орқали сотиладиган нефт маҳсулотлари турларини кўпайтиришга қаратилган ишлар давом эттирилади.

2020 йил давомида барча автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчалари реконструкция қилинади, ташқи кўриниши ўзгартирилади.

2020 йилнинг сентябрига қадар Мўйноқ ва Денов шаҳарларида бугунги кун талабларига жавоб берадиган замонавий, кўп ёқилғили шохобчаларни қуриш режалаштирилмоқда. 

Ҳар бир шохобчада автомашиналар юқори сифатли ёқилғи билан таъминланади, электр автомобилларига хизмат кўрсатиш учун шароитлар яратилади, мижозларга қулайлик яратиш мақсадида минимаркетлар қурилади.

Лаборатория учун махсус автомобиль жиҳозланди. У жойлардан намуналар олиб аҳолига сотиладиган нефт маҳсулотларининг сифатини текширади.

Истеъмолчиларга қулайлик яратиш ва уларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида куну-тун ишлайдиган "ишонч телефони" ташкил этилди ва барча автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларида бу ҳақда эълон илиб чиқилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид