Ўзбекистон | 07:55 / 27.12.2019
15161
2 дақиқада ўқилади

Бектемирдаги сайлов участкаси натижалари бекор қилинди

Марказий сайлов комиссияси Тошкент шаҳар Бектемир туман 105-сайлов участка сайлов комиссия аъзолари томонидан бир қанча сайлов бюлетенларини сайлов қутисига ўзлари ташлаб, сайлов натижаларини сохталаштиришга уринаётгани акс этган видео юзасидан ўтказилган текширув натижаларини тақдим этди.

«Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 25 декабрь куни Тошкент шаҳар Бектемир туман 105-сайлов участка сайлов комиссия аъзолари томонидан бир қанча сайлов бюллетенларини сайлов қутисига ўзлари ташлаб, сайлов натижаларини сохталаштиришга уринаётгани акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Тошкент шаҳар сайлов комиссияси, Бектемир туман сайлов комиссияси ва прокуратура органлари билан биргаликда ўрганиш ишлар амалга оширилди.

Ўрганиш натижасига кўра, 105-участка сайлов комиссиясининг 22 декабрдаги сайлов натижалари бўйича қабул қилган қарорлари бекор қилинди ва ҳақиқий эмас деб топилди.

Мазкур сайлов участкаси бўйича сайлов натижалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 141-Темирйўлчилар ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи 8-Сувчи шаҳар округ сайлов комиссияларининг тегишли округлар бўйича сайлов натижаларига таъсир қилмаслиги инобатга олинди.

Бектемир тумани сайлов комиссияси томонидан 18-Висол сайлов округида 2020 йил 19 январь куни такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, туман сайлов комиссияси томонидан 105-участка сайлов комиссиясининг таркибини алмаштириш ишлари ҳам амалга оширилади.

Прокуратура органлари томонидан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун суриштирув ишлари давом эттирилмоқда», дейилади Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид