Жамият | 13:00 / 02.01.2020
20758
9 дақиқада ўқилади

Kun.uz Хоразмда – 2019 йил сарҳисоби

2019 йил якунланди. Демак, бажарилган ишлар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликларга қандайдир баҳо бериш, сарҳисоб қилиш, келгуси режаларни белгилаб олиш пайти етиб келди.

Kun.uz таҳририяти йил давомида Хоразм вилоятидаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларни кузатиб борди. Муҳим тадбирларда иштирок этди. Аҳолининг, тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганди.

Таҳририятнинг Хоразм вилояти бўйича ёритган энг муҳим воқеаси шубҳасиз, уй-жойи бузилган одамлар билан боғлиқ можаро бўлди. Июль ойида Урганч шаҳри, Ашхобод кўчасидаги уйлари бузилган, компенсация пули берилмасдан Хонқа туманидаги Чондирқиёт қишлоғига кўчириб юборилган аҳоли норозилик тариқасида Урганч-Хонқа йўлини тўсиб қўйишган эди. Бу можаро жамиятда жуда катта акс садо берди. Муаммога ҳукумат даражасида эътибор қаратилганидан сўнг, уйи бузилган одамларга компенсация пуллари тарқатилди. Кейинчалик, уй-жойларнинг бузилиши билан боғлиқ жараёнлар янги низом билан қаттиқ назорат остига қўйилди. Айни пайтда Чондирқиёт қишлоғида жуда катта кўламдаги қурилиш ишлари якунланмоқда. Одамлар уй-жойларини тиклаб олишяпти, ижтимоий соҳа объектлари қурилмоқда. Умид қиламизки, бу оилаларнинг ҳаёти яна ўз изига тушиб кетади ва ҳаммаси яхши бўлади.

Kun.uz биринчи галда ижтимоий муаммоларга катта аҳамият беради. Улар кўплаб одамларнинг ҳаётига, турмушига алоқадорлиги туфайли биз учун долзарбдир. Йил давомида Хоразмнинг турли қишлоқларида, маҳаллаларида бўлдик, ижтимоий муаммоларни ўргандик. Уларнинг аксарияти йўлларнинг ёмонлиги билан боғлиқ эди. Урганч туманидаги «Ҳаёт йўқ маҳалла!», Урганч шаҳридаги «лойга ботиб қолган» маҳалла, Қўшкўпир туманидаги йўллари обод бўлмаган маҳалла, Боғот туманидаги «Маънавият» маҳалласини обод қилиш бўйича чала қолган ишлар, Урганч туманидаги чанг-тўзон остида қолган, ҳатто тановвул қиладиган овқатига ҳам чанг ўтираётган одамлар, Шовот туманидаги расво йўллар, Питнак қишлоғидаги чанг-тўзонда қолган маҳаллалар ҳақидаги танқидий мақолалар шулар жумласидандир. Коммунал хизматлар билан боғлиқ бўлган жуда долзарб масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. Маиший шароитларнинг оғирлигидан қийналиб қолган ҳазораспликлар, «Обод қишлоқ» дастури доирасида бажарилган ишлардан қониқмаётган хонқаликларнинг ижтимоий муаммолари ҳақидаги мақолаларда бу муаммоларни ёритганмиз. Қайд қилиш жоизки, танқидий мақолаларнинг аксарияти маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар эътиборига тушди, муаммолар тўлиқ ёки қисман бартараф қилинди, одамларнинг оғири енгиллашди. Баъзи муаммоларнинг 2020 йилда ҳал қилинишига ваъда берилди. Биз албатта вазиятни кузатиб борамиз.

Хоразм вилояти ариқлар, захкашлар ва каналларга бой ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда 3 мингдан ортиқ катта ва кичик кўприклар мавжуд. Уларнинг аксарияти жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирган, таъмирталаб бўлиб қолган. Жамият ва иқтисодиёт учун муҳим бўлган бу муаммоларни ҳам ўргандик. Авария ҳолатига келиб қолган бир неча кўприкларга, шу жумладан, Хонқа туманидаги авария ҳолатига келган кўприкка омманинг эътиборини жалб қилдик. Йил давомида баъзи кўприклар таъмирланди, бошқалари турли дастурларга киритилиб, 2020 йилда таъмирлаб берилиши ваъда қилинди.

Тадбиркорлик – Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим омиллардан бири. Тадбиркорлар бой бўлса – юрт фаровон бўлади. Биз тадбиркорларнинг муаммоларига жиддий эътибор қаратамиз, уларнинг фаолияти, манфаати, ҳуқуқлари сўзда эмас, амалда ҳам ҳимоя қилиниши тарафдоримиз. Афсуски, ҳар доим ҳам шундай эмас. Ерлари тортиб олиниб, 50 бош қорамоли билан ерсиз қолган қўшкўпирлик чорвадор-фермер муаммоси, Хива буюм бозоридаги тадбиркорлар ва Хива шаҳар ҳокимлиги ўртасидаги можаро, Урганч деҳқон бозорида ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорларнинг мурожаати, ери бошқа шахсга ноқонуний бериб юборилган хивалик фермер муаммоси, танловда ютиб чиққан бўлса-да, ҳокимликдан ер ололмаётган хонқалик фермер, мансабдор шахснинг фирибгарлиги туфайли катта миқдордаги маблағга чув тушган тадбиркорлар, икки фуқарога бир жойдан ер берилиши ва бу билан боғлиқ кўп йиллик можаро каби мақолаларда тадбиркорларнинг муаммоларини, ташвишли ҳолатларни ёритдик. Уларнинг баъзилари ўз ечимини топмади, бошқалари бўйича судлар давом этмоқда.

Олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш ва тест жараёнида ҳам иштирок этдик. Урганч Давлат Университетидаги қабул жараёни, ундаги шароитлар, муаммолар ва қулайликлар ҳақида фоторепортаж қилдик. Ва албатта тест топшириш жараёнини ҳам кузатиб, ўқувчиларимизга ахборот бердик.

Йил давомида бизни таажжубга солган мурожаатлар ҳам бўлди. Фуқаролар томонидан ўз манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиб, ҳеч кимни ва ҳеч нарсани менсимаслиги ҳолатларига дуч келдик. Ўрганиш жараёнида беихтиёр «Одамларга нима бўляпти? Инсонийлик, одамгарчилик қаерда қолди?» деган саволлар ҳаёлга келди. Янгиариқ туманида пиёдалар йўлкаси фермер томонидан бузиб ташлангани, натижада болалар йўлнинг хавфли серқатнов қисмидан мактабга бораётгани, Урганч шаҳридаги сифатсиз қурилган, яшаш учун хавфли бўлган кўпқаватли уйлар можароси, Урганч тумани аҳолисининг йўл ноқонуний ёпиб қўйилганидан азият чекаётгани, Урганч шаҳрида аҳоли қабристон ва қурилиш объекти орасида қолиб кетгани, Янгибозор туманида ғишт заводларининг зарарли таъсири одамларни қийнаб қўйгани, Урганч туманидаги болалар боғчасининг бир қисмида сауна қурилаётгани, ҳазорасплик аёл отамерос ер масаласида сарсон бўлаётгани ҳақидаги мурожаатлар асосида тайёрланган мақолалар шулар ҳақидадир.

Ижтимоий аҳамияти катта бўлган, долзарб ва хавотирли мурожаатлар ҳам бўлди. Хусусан, Шовот туманида «кўринмас офат» - термитлардан азият чекаётган маҳалла муаммоси, Урганч туманида томорқаларини зах босиб, деҳқончилик қилолмаётган аҳолининг мурожаати, шунингдек, Урганч Марказий деҳқон бозори олдидаги жуда катта тирбандликлар масалаларини шулар қаторига қўшамиз. Қайд қилиш жоизки, бу муаммолар ҳанузгача ўз ечимини топмаган.

Йил давомида хусусий бандлик агентликлари, молиявий пирамидалар ёки шунга ўхшаш, одамларни оммавий чув тушириш ҳолатлари билан боғлиқ муаммолар юзага чиқиб кетди. «Human хусусий бандлик агентлиги»га ишониб, пулларидан айрилган хоразмликлар, қурувчи ташкилотга алданиб, пулсиз ва уйсиз қолган ҳазораспликлар муаммолари ҳақидаги мақолаларда бу ҳақда ёзганмиз. Айни пайтда ҳар иккала ҳолат бўйича суд маҳкамалари давом этмоқда. Бундай нохуш воқеалар такрорланмаслиги учун одамларни ҳушёрликка, эътиборли бўлишга чақириб қоламиз.

Йилнинг муҳим сиёсий воқеаларидан бири – сайловлар ҳам таҳририят эътиборидан четда қолмади. Хоразмда бу жараённинг қандай ўтганини кузатдик, тарихимизда илк маротаба ОАВ сифатида овозларни санаш жараёнида бевосита иштирок этдик. Бундан ташқари, Шовот туманида сайлов жараёнидаги қонунбузарликлар, Урганч туманидаги сайлов участкасида овозлар сохталаштирилгани ҳақидаги мурожаатларни ўргандик, суриштирув ўтказдик. Айтиш ўринли, ҳозирча ҳуқуқ-тартибот идоралари бу мақолаларга ўз муносабатини билдирмади.

Хоразм вилоятида маҳаллий ҳокимликнинг халқ билан қандай мулоқот қилиши ҳам диққат эътиборимизда бўлди. Хусусан, вилоят ҳокимининг Боғот туманидаги, Гурлан туманининг чекка қишлоғидаги сайёр қабулида иштирок этдик. Шунингдек, Хонқа туманида ўзгача шаклда шахсий сайёр қабулини ўтказганига гувоҳ бўлдик. Аҳолининг мурожаатлари, уларга бўлган муносабат, муаммоларни ечиш механизмларини кузатдик. Бу ҳақда баҳоли қудрат хулосаларимизни бердик.

Kun.uz Хоразм вилоятида ўтказилган муҳим тадбирларда ҳам иштирок этди. Урганч ва Хива шаҳарларида «Халқаро инвестиция форуми ва Хоразм вилояти ишлаб чиқарувчиларининг миллий кўргазмаси» бўлди. «Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» мавзусида «Central Asia – 2019» халқаро конференцияси ўтказилди.

Бундан ташқари, турли кўнгилочар, қизиқарли тадбирлар, хусусан, Хивадаги «Балиқ таомлари фестивали», «Қовун сайли», Урганчдаги «Ҳосил байрами»дан фоторепортажларни ўқувчиларимизга тақдим қилдик.

Биз холис ахборот етказиш тамойиллари ва журналистиканинг юқори стандартларидан оғишмаган ҳолда, Хоразм вилоятидаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни кузатишда, ёритишда давом этамиз. Аҳолининг, тадбиркорларнинг мурожаатларини баҳоли қудрат ўрганамиз, уларнинг ечим топишига кўмаклашамиз. 2020 йилда ҳам Kun.uz билан бирга бўлинг.

Kun.uz мухбири Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид