Жаҳон | 08:30 / 05.01.2020
18140
2 дақиқада ўқилади

Триполига зарба берилиши оқибатида 28 курсант ҳалок бўлди

© Manu Brabo/AP Phot

4 январь кечки пайт Ливия пойтахти Триполидаги ҳарбий коллеж зарбага учраши оқибатида камида 28 кадет ҳалок бўлди, 18 нафари жароҳат олди. Afrigatenews порталининг хабар беришича, бу ҳақда Facebook’да Миллий келишув ҳукумати вакиллари маълум қилишган.   

Маълумотларга кўра, шаҳарнинг коллеж жойлашган Ал-Ҳадба тумани зарбага учраган. 

Миллий келишув ҳукумати талабаларнинг ўлими учун жавобгарликни маршал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси зиммасига юклаган. Кадетлар ҳалок бўлгани маълум қилингандан кейин Триполи, Мисурат ва Зувар шаҳарларида ушбу ҳужумни қораловчи намойишлар бошланган.

Айни вақтда Ливияда қўшҳокимлик ҳукм сурмоқда: Ғарбда БМТ томонидан тан олинган Фаёз Сарож бошқарувидаги Ливия миллий келишув ҳукумати (пойтахти Триполи) ва шарқда Абдулла Абдурраҳмон ас-Соний бошқарувидаги муваффақт парламент ҳукумати (пойтахти Бенғози). Шарқдаги ҳукумат Халифа Ҳафтар армиясига таянади. 2019 йилнинг апрелида Триполи томон юриш бошлаган Ҳафтар 12 декабрь куни юришнинг ҳал қилувчи босқичи бошланганини эълон қилганди.

Мавзуга оид