Жаҳон | 21:10 / 06.01.2020
214985
2 дақиқада ўқилади

Генерал Сулаймонийни ўлдириш кимнинг ташаббуси бўлгани маълум қилинди  

Фото: REUTERS

Оқ уйда эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилишининг бош ташаббусчиси АҚШ давлат котиби Майк Помпео бўлган. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди. 

Нашр маълумотларига кўра, Помпео бир неча ой давомида АҚШ президенти Дональд Трампни Сулаймонийни йўқ қилишга кўндиришга уринган. Таъкидланишича, Трамп ва Пентагон генерални йўқ қилиш амалиётини ўтказишдан узоқ вақт бош тортиб келган.  

Помпео томонидан Сулаймонийни ўлдириш масаласи ўтган ёзда Теҳрон АҚШ дронини уриб туширгандан кейин илк бор кўтарилган. Бироқ ўшанда бу таклифни на Трамп ва на Пентагон қўллаб-қувватлаган. Ушбу масала 28 декабрда Ироқнинг Киркук шаҳри яқинидаги АҚШ ҳарбий базаси ракета ҳужумига учрагандан кейин навбатдаги марта кўтарилган. Ушбу ҳужумда Вашингтон ҳомийси Эрон деб ҳисоблайдиган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини айблаган. Помпео бу ҳужумга жавоб чоралари орасида Сулаймонийни йўқ қилишни ҳам айтиб ўтган. Ушбу масала Трамп эронлик генерални йўқ қилишга кўнмагунча деярли ҳар кун муҳокама қилинган.    

Нашрда таъкидланишича, Помпео Трампнинг уни “Эрон таҳдиди олдида қатъиятсизлик қилди” деб ҳисоблашлари ва бу унинг президент курсисини сақлаб қолишига салбий таъсир қилиши мумкинлиги борасидаги хавотиридан фойдаланган. Помпеони Сулаймонийни ўлдириш қарори ўз ортидан кўплаб хатарлар: Яқин Шарқда янги уруш бошланиши, бунга жавобан бутун дунё бўйлаб америкаликларнинг ўлдирилиши, Эрон ядро дастурини босиб туришнинг барча дипломатик йўллари ёпилиши, Ироқда салбий муносабат келтириб чиқариши мумкинлиги ҳам тўхтата олмаган.

Генерал Сулаймоний 3 январга ўтар кечаси Бағдод аэропорти яқинида АҚШ қуролли кучлари зарбаси билан ўлдирилди. Генерални йўқ қилишга буйруқни шахсан АҚШ президенти берган.

Мавзуга оид