Ўзбекистон | 20:00 / 08.01.2020
32813
3 дақиқада ўқилади

Ягона транспорт картаси тўғрисида нималарни билиш керак?

Бир неча кун аввал Тошкентда ягона транспорт картаси сотувга чиқди. У жамоат транспортида йўл ҳақи учун контактсиз тўловни амалга оширишга мўлжалланган.

Автоматлаштирилган тўлов тизими Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил ноябрда қабул қилинган тегишли қарори ижросини таъминлаш доирасида жорий этилмоқда. Лойиҳанинг амалдаги инвесторлари Uzcard, Алоқабанк ва Транспорт вазирлиги ҳисобланади, «Avtomatlashtirilgan transport to’lov tizimi operatori» МЧЖ (ATTO) эса лойиҳани амалга ошириш билан шуғулланмоқда.

АТТО бош директори Темур Озодовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда пойтахтдаги автобусларнинг 70 фоиздан ортиғи электрон тўловларни қабул қилувчи мобиль валидаторлар билан таъминланди.

АТТО бош директори Темур Озодов (ўртада)

«Айни вақтда 800га яқин автобус мобиль валидаторлар билан жиҳозланди ва уларнинг сони кун сайин ошмоқда. Транспорт картангиз билан кондуктор олдига борасиз, валидаторга картани тегизасиз ва автоматик равишда йўл ҳақи ечиб олинади, яъни кутишга ҳожат йўқ», – деди Озодов.

Вилоятлар марказларида ягона транспорт картаси орқали тўловни амалга ошириш имконияти шу йилнинг сентябридан пайдо бўлади.

Қайд этилишича, тизим автобусларда икки босқичда жорий этилади.

«Бир ойга яқин давом этадиган биринчи босқич бевосита мулоқот босқичи бўлади. Сиз кондуктордан карта орқали тўлаш мумкинлигини сўрайсиз, агарда жавоб ижобий бўлса, картани валидаторга тегизасиз ва йўл ҳақи олиб қолинади. Кейинги босқич – бу автобусларнинг ҳар бир эшиги олдига стационар валидаторлар ўрнатиш бўлади. Шунда кондуктор тизими йўқ бўлади, унинг ўрнини назорат-ревизия хизмати эгаллайди. Ҳар икки-уч бекатда ревизор автобусга чиқиб текширув ўтказади. Бу жаҳон тажрибасидаги стандарт схема. Биз бунга босқичма-босқич ўтамиз», – дейди АТТО раҳбари.

Айни пайтда пойтахт метрополитенида стационар валидаторлар ўрнатиш жараёни кетмоқда.

«15 январгача метрополитеннинг ҳар бир вестибюлидаги бўш турникетларни қурилмалар билан жиҳозлашни якунига етказамиз деб ўйлайман. Тизимни Юнусобод йўналишида синаб кўриш мумкин. У ерда назоратчиларни мобиль валидаторлар билан таъминладик», – деди Озодов.

Унинг сўзларига кўра, келгусида сервисни кенгайтириш учун улкан имкониятлар мавжуд.

«Мазкур сервис кенгайиш имкониятига эга. Биз жамоат транспортидан бошлаяпмиз, аммо тез орада Тошкентда пуллик автотураргоҳлар пайдо бўлади. Уларда мана шу карталар билан тўлов қилиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, келгусида улардан микротўловлар, масалан, нон сотиб олиш учун фойдаланиш мумкин бўлади», – деди АТТО бош директори. 

Қайд этилишича, ҳозирда тизимни халқаро карталар билан интеграциялаштириш жараёни олиб борилмоқда ва февралдан жамоат транспортида тўловни Visa, Mastercard, China UnionPay ва Мир карталари орқали тўлаш имконияти пайдо бўлади.

Мавзуга оид