Ўзбекистон | 11:00 / 09.01.2020
19309
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ҳокими энг кўп шикоят бўладиган соҳаларни маълум қилди

Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов ОАВ ходимлари иштирокида ўтказилган учрашувда вилоятда энг кўп шикоят бўладиган соҳалар ҳақидаги саволга жавоб берди.

Вилоят раҳбарининг маълум қилишича, мурожаатларнинг энг кўпи уй-жой масаласида бўлади.

«Ҳамма ҳам яхши яшашни истайди ва мурожаат қилади. Бизга уй-жой масаласида энг кўп мурожаат бўлади. Айниқса, Кармана тумани ва Навоий шаҳридан бундай мазмундаги шикоятлар сони нисбатан кўп. Шунга қараб уй-жойлар қурилишида ҳудудларга ҳам эътибор берамиз.

Мурожаатлар сони бўйича кейинги ўринда бандлик масаласи турибди. Аслида ишсизлик муаммоси дунёнинг барча мамлакатида бор, жумладан, бизда ҳам. Республикамизда ишсизлик даражаси 8,9 фоизни, Навоий вилоятида 8,5 фоизни ташкил этади. 

Соҳадаги яна бир муаммо — норасмий иш ўринлари бизда ҳам бор, мисол учун, ўтган йил давомида 38 минг та норасмий иш ўринларини легаллаштирдик», дея Қобил Турсуновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда шунингдек, бугунги кунда республикада аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмлари бўйича Навоий вилояти биринчи ўринни ўринни эгаллаши қайд этиб ўтилди.

Вилоят раҳбарининг маълум қилишича, мазкур вилоят қурилиш ишлари, кўрсатилган хизматлар ҳажми ва чакана савдо айланмаси бўйича ҳам юқори поғонада — иккинчи ўрин. Маҳсулот ва хизматлар экспорти йўналишида Навоий вилояти республиканинг энг яхши натижага эга вилоятлари қаторида — учинчи.

Навоийда кимё саноати учун фосфорит рудаси, минерал туз, чинни учун каолин рудаси, шиша ва керамика саноати учун дала шпати ва кварц, заргарлик буюмлари учун феруза, опал, кахолонг каби захиралари мавжуд. Шунингдек, вилоят қатор пардозбоп тошлар, шиша хом ашёси, цемент, оҳак, керамзитнинг катта захираларига эга.  

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини шакллантириш ва амалга оширишда ана шу захиралардан унумли фойдаланиш режалаштирилган.

Дастурлар доирасида сўнгги уч йилда, умумий қиймати 7,9 трлн сўм миқдоридаги маблағларни ўзлаштириш ҳисобига 2 678та лойиҳалар амалга оширилган.

Анвар Мустафоқулов
Тайёрлаган Анвар Мустафоқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид