Жаҳон | 13:18 / 11.01.2020
87277
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон махфий музокаралар ўтказган - WSJ

Томонлар Швейцариянинг Теҳрондаги элчихонаси ходимлари орқали махфий хабарлар алмашмоқда.

Фото: REUTERS/Carlos Barria

Сўнгги кунларда АҚШ ва Эрон Теҳрондаги Швейцария элчихонаси орқали махфий музокаралар олиб борган. Wall Street Journal’нинг америкалик юқори мартабали мулозимларга таянган ҳолда хабар қилишича, уларнинг оҳанги сиёсатчиларнинг жамоатчиликка баёнотларидан кўра анча босиқроқ бўлди.

Таъкидланишича, эронликлар Бағдод халқаро аэропортида генерал Қосим Сулаймоний ўлдирганидан бир неча соат ўтгач, биринчи хабарни олишган. Унда Дональд Трамп маъмурияти Эрон ҳукуматидан можарони янада авж олдирмаслик тўғрисида қатъий сўраган. Кейинчалик, эронликларнинг ўзи Швейцария элчихонасидаги алоқа каналидан фойдаланиб, Оқ уйга ўз позицияларини тушунтиришди.

Эрон расмийларидан бири WSJ’га АҚШ билан алоқа канали мавжудлигини тасдиқлади. «Чўлда ҳатто бир томчи сув ҳам жуда муҳим», - дея маълум қилган у.

Швейцариялик дипломатларнинг тушунтиришича, хабарлар элчихонада фақат бир неча киши фойдаланиши мумкин бўлган қурилмага факс шаклида юборилади. Кейинчалик дипломатик каналлар орқали швейцарияликлар олинган хабарларни манфаатдор томонларга узатади.

«Ал Қудс» нуфузли бўлинмасига раҳбарлик қилган генерал Сулаймонийнинг ўлдирилиши АҚШ президентининг буйруғи билан амалга оширилди. Бир неча кундан сўнг, эронликлар америкалик ҳарбийлар фойдаланган Ироқдаги ҳарбий базага ўч олиш мақсадида ракета зарбалари беришди.

 

Мавзуга оид