Жаҳон | 22:50 / 11.01.2020
14305
2 дақиқада ўқилади

Теҳрон АҚШнинг янги санкцияларини самарасиз деб ҳисобламоқда

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аббос Мусовий АҚШнинг Теҳронга қарши янги санкцияларини самарасиз деб атади. 

"Афсуски, АҚШ яна бир томонлама ва ноқонуний ҳаракат қилишда давом этмоқда", - деди Мусовий ва санкциялар муваффақият келтирмаслигини қўшиб қўйди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Эрон саноатига қарши санкциялар киритиб, халқаро меъёрларни бузмоқда.

"Санкциялар киритилиши БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2231-резолюциянинг очиқчасига бузилишидир", - деди Мусовий.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майкл Помпео ва молия вазири Стивен Мнучин АҚШ Эронга қарши янги санкциялар жорий этганини маълум қилганди.

Санкциялар Эрон АҚШнинг Ироқдаги базаларига амалга оширган ракета зарбалари сабаб киритилган. АҚШнинг бу галги “қора рўйхати”га Эроннинг 17 та йирик корхонаси киритилган бўлиб улар орасида темир, пўлат, алюминий ишлаб чиқарадиган ва текстил корхоналари бор. Шунингдек, Эрон Хавфсизлик кенгашининг 8 вакили ҳам махсус санкцияга учраган.

Мавзуга оид