Жаҳон | 15:10 / 14.01.2020
56760
5 дақиқада ўқилади

Украина «Боинг»и ҳалокати: Эронда бир неча киши қўлга олинди

Эрон ҳукумати сешанба куни «Украина халқаро авиалиниялари» авиакомпанияси ҳалокатига алоқадорликда гумон қилинган бир неча киши қўлга олинганини маълум қилди. Бу ҳақда «Ал-Арабия» телеканали хабар берди. Аввалроқ Эрон ҳукумати Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими оператори йўловчи самолётни АҚШ қанотли ракетаси сифатида қабул қилиб, уни уриб туширганини тан олганди.

Фото: AP/ТАСС

«Биз бу ҳодисани ва қўлга олинганларнинг авиаҳалокатдаги ролини синчиклаб текширамиз», - дея Эрон адлия вазири вакили Ғуломҳусайн Исмоилийнинг сўзларини келтирмоқда Reuters агентлиги.

Шу билан биргаликда у айнан қанча киши ва кимлар қўлга олинганига ойдинлик киритмаган.

Ўз навбатида Эрон президенти Ҳассан Руҳоний телемурожаатида кечириб бўлмас хато фақат бир кишининг айби билан содир бўлиши мумкинмаслигини айтиб ўтган.

«Эрон қуролли кучлари ўз хатосини тан олгани - биринчи яхши қадам», - деган Эрон президенти.

Руҳоний унинг ҳукумати Эрон халқи ва авиаҳалокат оқибатида ватандошларини йўқотган бошқа халқлар олдида масъул эканини қўшимча қилган.

Қайд этиш керакки, Эрон ҳукумати аввалига мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими 8 январь куни Boeing 737-800 самолётини уриб туширганини тан олмаганди. Эронлик амалдорлар 176 киши ўлими эронлик ҳарбийлар айби билан содир бўлмаганини таъкидлашганди. Расмий Теҳрон эронлик ҳарбийлар айби ҳақидаги талқинларни Американинг психологик урушининг бир қисми деб аташганди.

«Украина халқаро авиалиниялари» авиакомпаниясининг «Boeing 737» самолёти 8 январь тонгида Теҳрондан Киевга учаётганида, аэропортдан ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб қулаб тушган, авиаҳалокат оқибатида борда бўлган 176 киши (асосан Эрон ва Канада фуқаролари) ҳалок бўлганди.

Ҳалокатдан уч кун ўтиб Эрон самолёт хатолик туфайли уриб туширилганини тан олди.

Эрон Британия элчисини нимада айблади?

Эрон Адлия вазири сешанба куни Британиянинг Теҳрондаги элчиси, намойишлар вақтида қўлга олиниб, кейин қўйиб юборилган Роб Макэйр нон грата деб эълон қилиниши ва мамлакатдан чиқариб юборилиши кераклигини айтди. Эрон ҳукуматининг маълум қилишича, британ элчиси самолёт эронлик ҳарбийлар томонидан уриб туширилгани элон қилингач бошланган намойишларда иштирок этганди.

Роб Макэйр британ фуқаролари ҳам ҳалок бўлган авиаҳалокат қурбонларига атаб барпо этилган мемориалга келганида қўлга олинганди.

«Британия элчиси - ўз мамлакатининг Ислом Республикасидаги энг юқори лавозимли вакили ноқонуний митингда иштирок этгани, намойиш вақтида суратга ва видеога олгани, бу орқали провакация қилганига тоқат қилиб бўлмайди», дейилади вазирлик хабарида.

Роб Макэйрнинг ўзи эса намойишларда иштирок этмагани, хотирлаш маросимидан кейин воқеа жойини тезда тарк этганини билдирган.

Эрон ҳукумати якшанба куни британ элчисини чақиртирган ва унга «дипломатларга хос бўлмаган хатти-ҳаракати» учун шикоятнома топширди.

Эрондаги намойишлар давом этмоқда

Якшанба куни Британиянинг Теҳрондаги элчихонаси олдида намойиш уюштирилди, унинг иштирокчилари британ байроғини ёқишди.

Мамлакатда намойишлар украинлар авиалайнери эронлик ҳарбийлар ракетаси билан уриб туширилгани тан олингач тикланганди. Намойишчилар Теҳрондаги нуфузли университетлар олдида тўпланишди ва авиаҳалокатда масъул бўлган расмий шахслардан истеъфо талаб қилишди.

Теҳрондаги Озодий майдонида намойишчиларни тарқатиб юборишга уринган хавфсизлик хизматлари ходимлари билан тўқнашувлар бўлиб ўтди.

Шанба куни талабалар Теҳрондаги икки университет олдида йиғила бошлашганди. Аввалига улар шунчаки авиаҳалокат қурбонларини хотирлашни исташганди, аммо кечга бориб полициячилар билан тўқнашувлар бошланиб кетди, уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўлланди.

Намойишлар сешанба куни ҳам давом этмоқда.

Эронни «қўрқинчли хато» учун жазолаш керакми?

Британия бош вазири Борис Жонсон Эрон ўзининг «қўрқинчли хатоси»ни тан олганини маъқуллади. Унинг сўзларига кўра, энг муҳими, бу орқали минтақадаги кескинлик пасайишига эришилди.

«Эрон қўрқинчли хатога йўл қўйди, яхшики, улар узр сўрашди», деган Борис Жонсон Би-би-си учун берган интервьюсида.

Борис Жонсон «Боинг» авиаҳалокати туфайли Эронга қатъий санкциялар қўллашга зарурат йўқ, деб ҳисоблайди.

«Кўриниб турибдики, улар [Эрон] хато учун ўзларини айбдор ҳис қилишмоқда. Менимча, вазиятни кескинлаштиришга ҳожат йўқ», - дея қайд этган Британия бош вазири.

Мавзуга оид