Жаҳон | 22:41 / 15.01.2020
61684
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг «қиёмат куни» самолёти ичидан намойиш қилинди

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳаво қўмондонлик пункти E-4B Nightwatch самолёти ичидан намойиш қилинди. «Қиёмат куни» самолёти деб ҳам аталувчи қўмондонлик пункти узоқ масофаларга учувчи, икки палубали Boeing 747-200 йўловчи самолёти негизида яратилган. 

Бугунги кунда АҚШ армиясида бундай самолётдан тўртта бор. Улар мамлакатнинг биринчи шахслари – президент, мудофаа вазири ва олий ҳарбий раҳбариятнинг бошқа аъзолари учун ядро уруши бошланиши, ердаги бошқарув тузилмалари эса вайрон бўлган вазият учун мўлжалланган. Шунда ушбу самолётлар қўмондонлик пунктларига айланади.

Видеода самолётнинг юқори ва ўрта палубалари кўрсатилган. Бу ерда ҳар бир иш ўрни компьютер, алоқа воситалари билан жиҳозланган. Шу ернинг ўзида дам олиш ва ухлаш мумкин. 

Самолётда, шунингдек, маслаҳатлашувлар хонаси ва ошхона бор. E-4B’да ёнилғи қуювчи самолётлардан ёнилғи олишга мўлжалланган қурилма ҳам ўрнатилган. Бунинг эвазига самолёт бир ҳафта ҳавода қолиши мумкин.  

E-4B Nightwatch’нинг илк парвози узоқ 1973 йил июнида бўлиб ўтган.

Мавзуга оид