Жаҳон | 22:17 / 16.01.2020
21816
3 дақиқада ўқилади

Британия шаҳзодаси мақомидан воз кечди, қиролича уни қўллаб-қувватлади

Елизавета II шаҳзода Ҳаррининг қироллик оиласидан мустақил ҳаёт кечириш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватламоқда.

Фото: Stephanie Eckardt / Getty Images

Британия қироличасининг невараси, тахт вориси шаҳзода Чарльзнинг иккинчи ўғли – Сассекс герцоги Ҳарри ўз рафиқаси, америкалик собиқ актриса Меган Маркл билан қироллик оиласидаги мақомидан воз кечишга қарор қилгани ҳақида маълум қилган эди.

Қиролича Елизавета II жуфтликнинг бу қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Биз Ҳарри ва Меган қироллик оиласининг тўлақонли аъзоси бўлиб қолишини афзал кўрсак-да, уларнинг янада мустақил ҳаёт кечириши, шу билан бирга, оиламизнинг қадрли қисми бўлиб қолишини ҳурмат қиламиз ва тушунамиз”, ― деди қиролича душанба куни Садрингҳем саройида бўлиб ўтган йиғинда.

Жуфтликнинг бу қарорини муҳокама қилишда Елизавета ва шаҳзода Ҳарри билан бирга, Ҳаррининг отаси шаҳзода Чарльз ва акаси шаҳзода Уильям ҳам иштирок этди. Ҳаррининг бобоси шаҳзода Филипп эса неварасининг бу қароридан норози эканини, ундан хафалигини маълум қилди ва муҳокамада қатнашмади.

Ҳарри ва Меган молиявий мустақилликка эришиш, саройдан чиқиш бўйича қарорга узоқ муҳокамалардан сўнг келганини айтган. Ҳали сентябрь ойидаёқ жуфтлик кўпчиликнинг диққат марказида бўлиш қийинлиги ҳақида гапирган эди. Хусусан, Меганнинг ҳомиладорлик даврида уларнинг ҳар бир ҳаракати сариқ матбуотда танқид руҳида ёритилганидан хафа бўлишганини билдиришган.

Қиролича неварасининг қарорини қўллаб-қувватлашини билдирган бўлса-да, якуний қарор яқин кунларда қабул қилинишини ўз баёнотида маълум қилган.

Жуфтлик янги мустақил ҳаётга ўтиш даврини Канада ва Британияда ўтказиши бўйича келишувга эришилган. Ҳарри ва Меганнинг қироллик оиласи аъзолари сифатида ўз вазифаларидан бош тортишларининг оқибатлари, саройдан қанча ҳақ олиш, унвон ва имтиёзлар бўйича тафсилотлар маълум эмас.

Daily Mail хабарига кўра, жуфтликнинг самолёти сешанба куни Канаданинг Ванкувер шаҳрига парвоз қилган, Меган Маркл бу ерда бир гуруҳ хотин-қизлар билан учрашиб, жамиятда аёллар муаммолари бўйича суҳбатлашган.

Маълумот учун, шаҳзода Ҳарри ва америкалик кино юлдузи Меган Марклнинг никоҳ тўйи 2018 йил 19 май санасида бўлиб ўтган ва энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бирига айланган эди.

Қайд этиш жоиз, қироллик анъаналарига мувофиқ, шаҳзода Ҳарри тахтга даъво қила олмайди. Унинг отаси – Уэльс шаҳзодаси Чарлз (қироличанинг тўнғич ўғли) ҳозирда валиаҳд шаҳзода ҳисобланади. Ундан кейин Ҳаррининг акаси Уильям, кейинчалик Уильямнинг фарзандлари тахт ворислари саналади.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид