Ўзбекистон | 19:54 / 20.01.2020
48300
3 дақиқада ўқилади

Сенат раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди

Янги таркибдаги Олий Мажлис Сенатининг илк ялпи мажлисида ташкилий масалалар кўриб чиқилмоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Мажлисда қатнашаётган президент Шавкат Мирзиёев Сенат раиси лавозимига Танзила Норбоева номзодини таклиф этди.

«Танзила Норбоеванинг тажрибаси, қаттиққўллиги, масалани жойларга бориб ҳал қилиши менга ёқади. Танзила Норбоева ҳам ўзи ишлаяпти, ҳам ўз командасини ишлатяпти.  Ҳозирги шароитда энг муносиб номзод», – деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозими учун Содиқ Сафоев номзодини тақдим этди. «Содиқ Солиҳович Ўзбекистон обрўйини ташқи давлатларга етказиш бўйича кўп ҳаракатлар қиляпти», – дея қайд этди президент.

Шавкат Мирзиёев Сенат раиси ўринбосарлиги учун Муса Ерниязов ва Зайниддин Низомхўжаев номзодларини илгари сурди.

Яширин овоз бериш натижаларига кўра, тақдим этилган номзодларнинг барчаси лавозимга сайланди.

Маълумот учун, Танзила Норбоева Ўзбекистон Сенатига раис бўлган илк аёл саналади. У 2019 йил 21 июнида бу лавозимни эгаллаган, 22 декабрдаги сайловларда эса Тошкент шаҳар депутатлигига сайланган эди. Фаолияти давомида халқ таълими соҳасида, Вазирлар Маҳкамаси ва Хотин-қизлар қўмитасида масъул лавозимларда ишлаган.

Содиқ Сафоев эса Ўзбекистон парламенти икки палатали тизимга ўтган 2005 йилдан буён узлуксиз равишда сенатор сифатида ишлаб келмоқда. У ҳозиргача ўтган тўртта сайловда ҳам Сенат аъзолигига президент томонидан тайинланган, учта чақириқда юқори палатанинг ташқи сиёсат қўмитаси раиси бўлган.

2016 йилда Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, янги таъсис этилган Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозимини Сафоев эгаллаган эди. Содиқ Солиҳович турли йилларда президент аппарати бўлим мудири, элчи, ташқи ишлар вазири, президент маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори сифатида ишлаган.

Муса Ерниязов 2002 йил май ойидан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси сифатида ишлаб келяпти. У бу лавозимга тўрт маротаба қайта сайланган.

Бундан олдин Қорақалпоғистон ССР Уй-жой коммунал хўжалик вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Министрлар Советининг Ўзбекистон ССР Министлар Кабинетидаги доимий вакили, Қорақалпоқ давлат регионал базаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Министрлар Совети раиси ўринбосари, Чимбой тумани ҳокими каби лавозимларда ишлаган.

Зайниддин Низомхўжаев – тиббиёт фанлари доктори. У аввалги чақириқ Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасини бошқарган эди.

Мавзуга оид