Ўзбекистон | 16:57 / 21.01.2020
50720
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Ўзбекистон бош вазири этиб тасдиқланди

Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси бош вазири лавозимига номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган сиёсий партия томонидан ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларига сазовор бўлган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайловда 53 нафар депутатлик ўрнини эгаллаган эди. Партиянинг яқинда бўлиб ўтган Сиёсий кенгаши мажлисида Бош вазир номзоди кўриб чиқилди ва Президентга тақдим этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Абдулла Арипов номзодини тавсия этди.  

Абдулла Арипов қўшма мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури ҳақида нутқ сўзлади. 

Мажлисда сўзга чиққанлар Президент маърузасида баён этилган устувор йўналишларни қўллаб-қувватлаб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда Бош вазир лавозимига тавсия этилган номзодни маъқулладилар.

Олий Мажлис палаталари Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, қўшма мажлисда қатнашган 150 нафар депутатдан 148 нафари (1 нафари бетараф, 1 нафари овоз бермади), 97 нафар сенатордан 94 нафари (3 нафари овоз бермади) Абдулла Арипов номзодини маъқуллаб овоз берди.

Мавзуга оид