Ўзбекистон | 14:07 / 22.01.2020
74042
1 дақиқада ўқилади

Элёр Ғаниев номзоди вазир лавозимига кўрсатилди

Бугун, 22 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг барча қўмиталарида янги таркибдаги Ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Kun.uz мухбири хабар беришича, Очилбой Жуманиёзович Раматов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига номзод сифатида кўрсатилди.

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар масалалари комплекси раҳбари Элёр Ғаниев номзоди Транспорт вазири лавозимига кўрсатилган. Бунгача Транспорт вазири сифатида бир вақтнинг ўзида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов фаолият олиб бораётган эди. Айни вақтда Ғаниев бош вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолиш-қолмаслиги аниқ эмас.

Очилбой Раматов 2019 йилнинг февралида  Бош вазирнинг биринчи ўринбосари - Транспорт вазири лавозимига тайинланганди.

Элёр Ғаниев 2019 йилнинг январида Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосарига айланганди.

Бундан аввалроқ Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов номзоди янги лавозимга  Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси лавозимига номзод сифатида кўрсатилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид