Light | 21:12 / 22.01.2020
25449
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқ учун энг яхши спорт тури маълум қилинди 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сузиш соғлиқ учун энг фойдали спорт тури бўлиб, у билан мунтазам шуғулланиш ҳаётни узайтириши мумкин. Бу ҳақда Express.co.uk портали хабар берди.  

20 ёшдан 90 ёшгача 40 мингдан кўпроқ эркакни қамраб олган тадқиқот натижаларига кўра, сузиш билан шуғулланувчиларда ўлим хавфи даражаси югуриш ёки пиёда юриш билан шуғулланувчиларникидан 50 фоиз пастроқ бўлган. Тадқиқот иштирокчилари ортидан 32 йил давомида кузатув олиб борилган.

АҚШнинг Жанубий Каролина университети профессори Стивен Блэр сузиш юрак-томир тизимининг жисмоний юкламаларга бардош бера олиш қобилияти -кардиореспиратор бардошлигини яхшироқ оширишини аниқлаган.

Олимнинг таъкидлашича, бу спорт тури барча, жумладан сурункали касалликларга эга одамлар учун аъло даражада мос келади.

Гарвард университети профессори Ай-Мин Ли эса сузишни артритдан азият чекувчи ёки руҳий ҳолатини яхшиламоқчи бўлганлар учун “аъло даражадаги машғулот” деб атаган.

Шунингдек, Гарвард университети олимлари сузиш билан мунтазам шуғулланиш юрак-томир касалликларидан ўлиш хавфини 41 фоизга камайтириши мумкинлиги ҳақидаги хулосага келишган. Бундан ташқари, сузиш жароҳат ва операциялардан кейин тикланаётганлар учун ҳам мақбул ҳисобланади. 

Мавзуга оид