Жамият | 14:58 / 23.01.2020
7228
2 дақиқада ўқилади

Пластик карточкадаги пулларни ўғирлаган шахс жавобгарликка тортилди 

Фото: Shutterstock

Хоразм вилоятида пластик карточкадаги пулларни Сlick дастури орқали ўғирлаган шахс жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 40 ёшли К.И. ўз номига расмийлаштирилган сим картани ТИФ “Миллий банк” Шовот филиалида фуқаро 23 ёшли Г.Я.нинг номига расмийлаштирилган пластик карточкасига “Банк СМС” тизими орқали уланганлигини била туриб, ушбу пластик карточкадан Сlick дастури орқали 2019 йил 15 август кунидан 31 август кунига қадар 1.136.000 сўм ва 02 октябрь куни 1.114.000 сўм пулларни яширин равишда қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шовот тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан К.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169–моддаси 3-қисми “б” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида К.И. томонидан Г.Я.га етказилган моддий зарар тўлиқ ундирилган. К.И.га ушбу модда билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан “шахсий кафиллик” эҳтиёт чораси қўлланилган.

2019 йилнинг 27 ноябрь куни жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Гурлан туман судининг 2020 йил 8 январь кунги ҳукмига кўра, К.И. ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, унга бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид